Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 23 июлдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошланганини расман эълон қилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мазкур жараёнга тайёргарлик ишларини бошлаб юборди. Партиянинг барча ҳудудий кенгашлари томонидан сайловолди тарғибот тадбиларининг календарь режаси асосида турли ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда.
ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Президент сайловида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Онлайн ва оффлайн тарзда ўтган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар (туман) Кенгаши депутатлари, партия ҳудудий Кенгашлари бўлим мудирлари, БПТ раҳбарлари, фаоллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда жорий йилда бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўриш ва уни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказиш учун сайлов жараёни иштирокчиларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишга янгича ёндашиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир жараёнида сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловларни юқори савияда ўтказиш жараёни ва унинг ўзига хос хусусиятлари, сайлов жараёнларида аёлларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш каби масалалар бўйича тақдимот ва маърузалар ҳамда муҳокамалар қилинди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўзининг амалий ишлар партияси сифатида сайловдан олдин ва ушбу жараёнлар давомида сайловчиларга берган ваъдаларини сидқидилдан бажаришга астойдил ҳаракат қилиб келмоқда.
Бу борада ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти” томонидан қатор партиявий лойиҳалар орқали хотин-қизларнинг ўз бизнесларини йўлга қўйиши, иш билан бандлигини таъминлаш, тажрибали ишбилармон аёллар кўмагида бепул касб-ҳунарларга ўқитиш, мунтазам бепул тиббий кўрикларнинг ташкил қилишда амалий натижаларни кўрсатиб келмоқда.
Биргина “O‘zLiDeP аёллари – Янги Ўзбекистон бунёдкори!” лойиҳаси доирасида ҳар бир маҳалла қошида шу кунга қадар 605 та “O‘zLiDeP фаоли - ислоҳотлар тарғиботчиси!” клублари ташкил этилди. Уларда 3095 нафар клуб аъзолари ўз фаолиятини бошлади.
“Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида умумий 2610 та тадбирлар ўтказилиб, уларда 11 766 нафар иштирокчилар қатнашдилар. Шунингдек, 117 та бепул тиббий кўрикларда 7800 дан ортиқ хотин-қизлар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.
“Аёллар қаноти”нинг “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида жорий йилда 264 та тадбирлар ташкил этилиб, уларда 7709 нафар иштирокчилар қатнашган. Шулардан 384 нафарига 4 млрд. 219 млн. сўм миқдорида кредитлар олиб берилишига кўмаклашилган. Бунинг натижасида мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
Шу билан бирга партия “Аёллар қаноти” томонидан “Бир депутат-юз аёлга кўмакчи!” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа давомида O’zLiDeP дан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 53 нафар, Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига 2280 нафар сайланган ҳар бир депутат томонидан 100 нафар хотин-қизларга ишга жойлаштиришда, тадбиркорликни ўргатишда, кредит олишда, соғлигини тиклашда, ҳуқуқий маслаҳатлар беришда, моддий-маънавий қўллаб-қувватлашда амалий кўмак кўрсатиб келишмоқда.
Тадбирда партия “Аёллар қаноти”нинг бу каби амалий ишлари бу йилги бўлиб ўтадиган Президент сайловида хотин-қизларнинг ишончини қозонишда, сайловларда уларнинг кўтаринки руҳда иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида сайлов жараёнига O’zLiDeP номидан иштирок этадиган кузатувчилар ва ваколатли вакиллар, волонтёрлар самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган ўқув-услубий ва тарғибот материаллари барча иштирокчиларга тарқатилди.