Маълум бўлишича, ҳоким Термиз шаҳридаги "Паттакесар"," Нурли келажак" ҳамда "А.Жомий" маҳаллалари аҳолиси билан учрашган. Учрашувда ҳоким қўшни давлатда юзага келган ҳарбий-сиёсий вазият ҳақида атрофлича маълумот бериб, мамлакатимизнинг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган тартибда олиб борилаётгани, Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилиб, қуруқлик ва сувда сарҳадларимизни қўриқлаш учун барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилгани ҳақида фикр алмашди.
Боболов хавотирга ўрин йўқлигини, "Термиз-Ҳайратон" кўприги ҳудудида вазият барқарорлигини таъкидлади. Кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган Афғонистон фуқароларининг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этгани маълум қилинди.
Бунга фаол сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар, шунингдек, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида эришилди, – дейди вилоят раҳбари.