Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг 8 сентябрь куни ўтказилган VII қурултойида Ўзбекистон Президентлигига партия сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов номзоди сезд делегатларининг кўпчилик овози билан тасдиқланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Қурултойда «Адолат» СДП ҳам Республика мустақиллигини мустаҳкамлаш, мамлакат аҳолисига янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган сиёсий куч сифатида ушбу сайловда муносиб иштирок этишга бел боғлаганлиги таъкидланди.
Тадбирда «Адолат» партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала қизғин муҳокама қилинди. Делегатлар қурултойда кўриб чиқиш учун тавсия этилган партия сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовни партиядан Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқлади.
Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Ўзбекистон Президентлигига «Адолат» СДПдан номзод Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурининг мақсад ва вазифалари, устувор йўналишларини маълум қилди.
Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастуридан ўрин олган барча масалалар қурултой қатнашчилари томонидан атрофлича муҳокама қилинди ва делегатлар томонидан тасдиқланди.
Қурултой кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Маълумот учун, Баҳром Абдуҳалимов 1959 йил 27 февралда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат университетини тамомлаган (1981 йил). Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида кичик, катта илмий ходим, бўлим бошлиғи, илмий котиб, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, директор, Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган. Тарих фанлари доктори, Марказий Осиё тарихи ва шарқшунослик соҳасидаги олим.
У 2011—2020 йилларда Фанлар академияси вице-президенти лавозимида ишлаган. 2020 йилнинг октябрида «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси этиб сайланган.