Президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига келди. Ўзбекистон раҳбарини Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 17 сентябрь куни бу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади.
Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрига келгач, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашув ўтказди.
Кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурини амалга ошириш мақсадида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари Тожикистоннинг ШҲТдаги сермаҳсул раислиги даврида эришилган натижаларни юксак баҳолади ва бўлажак саммит тадбирлари муваффақиятли ўтказилишини тилади.
Хабар қилинишича, Мирзиёев Душанбеда Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан ҳам учрашувлар ўтказади.