Россия Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан 2021 йилда келишини кутмоқда. «Дарё» мухбирининг хабар беришича, бу ҳақда 20 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган халқаро конференцияда Россия ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Андрей Руденко маълум қилди.
«Биз бу йил бўлиши кутилаётган Ўзбекистон Президентининг Россияга давлат ташрифига тайёргарлик кўряпмиз», — деган у «Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари» мавзусидаги конференцияда.
Унинг сўзларига кўра, имзолаш учун муҳим ҳужжатлар тўплами тайёрланган. «Биринчи навбатда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, бошқа соҳаларда, шу жумладан, мудофаа соҳасида», — деб қайд этган Андрей Руденко ва ушбу ташриф икки давлат ўзаро муносабатларидаги стратегик босқич бўлади деб ҳисоблашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Россияга давлат ташрифи билан бориши ҳақида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 21 декабрь куни россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувида муҳокама қилинган эди. 2021 йилнинг апрелида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг Россияга расмий ташрифи санаси коронавирус билан боғлиқ вазиятга бориб тақалишини билдирди.