Янгиер шаҳрида ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Ш.Мирзиёевнинг сайловолди дастури тарғиботига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда номзоднинг Сирдарёдаги ишончли вакили Покиза Ахмеджанова сайловчиларга номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган ташаббусларининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот хизмати хабар қилди.
Янгиерлик меҳнат фаҳрийси Наби Собировнинг сўзлари ҳамманинг дилида шукроналик ҳиссини уйғотгани сир эмас.
-Шу шаҳарда умрим ўтди. Шаҳарда ўзгаришлар бўлаяпти. Аммо кейинги беш йилда амалга оширилган ишлар ўн йилларга татигулик бўлди. 1980 йилдан буён 3 та кўп қаватли уйлар қурилган эди. Ҳозир янги уйларнинг саноғидан адашиб кетаяпмиз. Кўчалар чароғон, ҳар куни бунёдкорлик ва янгиланишлар билан уйғонамиз. Бу эзгу ишларнинг барчаси номзодимиз Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ. Номзоднинг сайловолди дастури билан танишиб, эртанги кунимизнинг янада фаровон ва шукуҳли бўлишига яна бир бор ишондим.
-Ўн беш йилдан буён “Бобур” маҳалласида маслаҳатчи бўлиб ишлайман, - деди Меҳринисо Хусаинова. - Аёллар масаласи номзодимизнинг сайловолди дастурида алоҳида ўрин олган. Дастурда алоҳида боб “Ўзбекистон-халқчил ва инсонпарвар давлат” деб номланган бобнинг ҳар бир сатри юрагимда акс-садо берди. Айниқса, маҳалла тизимининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилиш, молиялаштириш манбалари ва тартиблари такомиллаштирилиш ҳақидаги лойиҳалар бизнинг фаолиятимиз учун жуда зарур эди. Мен Шавкат Мирзиеёвнинг ўтган галги сайловдаги дастурларини одилона амалга оширганига ватанадошлари қатори гувоҳман ва бу гал ҳам халқчил дастурни амалга оширишига инонаман ва Шавкат Мирзиёев номзодига овоз беришга чақираман.
-Мен бу йил Тошкент кимё технология институтининг Янгиер филиалига ўқишга кирдим, - дейди Юлдуз Муҳаммадиева. - Талаба учун ўқиш ва яшашга шароит нафақат унинг, балки ота-оналарининг ҳам орзу-истаги. Мен номзоднинг олий таълим тизимида қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш, шунингдек талабалар яшаш шароитни яхшилаш мақсадида қарийиб 100 минг ўринли талабалар турар жойлари барпо этилиши ҳақидаги сайловолди дастурини ўқиб тўлқинланиб кетдим.
Учрашувда ҳар бир сўзга чиққан сайловчи, бундан беш йил олдин муносиб номзодга овоз берганликларини вақтнинг ўзи исботлагани ва жорий йилда ҳам ҳудди шундай танлов қилишларини бир овоздан таъкидлашди.