Жорий йилнинг 26 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раислигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, Давлат бюджети даромадлари манбалари бўйича 2019 йил 1-чорак якунида кутилаётган натижалар ҳамда бюджетга тушумлар борасида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди.
2019 йил 1-чоракда Давлат бюджети даромадлари режа кўрсаткичи 4 трлн. 485 млрд. сўм миқдорида тасдиқланган бўлиб, 2019 йил 25 март куни ҳолатига режа кўрсаткичи 3 трлн. 683 млрд. сўмга ёки 82 фоизга бажарилганлиги таъкидланди.
Тасдиқланган Давлат бюджети даромадлари даромадлар тушуми режаси ижроси Учтепа туманида 67 фоиз, Миробод туманида 69 фоиз, Бектемир туманида 74 фоиз, Юнусобод туманида 76 фоиз, Мирзо Улуғбек туманида 77 фоиз, Шайхонтоҳур туманида 83 фоиз ҳамда Сергели туманида 83 фоизни ташкил этган.
Режа бажарилишида қолоқликка йўл қўйилганлиги учун Миробод, Учтепа туманлари ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари, ушбу туманларнинг давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари қаттиқ огоҳлантирилди.
Шайхонтоҳур туманида Давлат бюджет даромадларининг тушум режаси бажарилишида қолоқликка йўл қўйилганлиги ва бошқа камчиликлар учун туман ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига хайфсан эълон қилинди.
Шунингдек, 1 чорак натижаси билан тушум режаси бажарилмаган тақдирда Тошкент шаҳри туманларининг 4 та сектор раҳбарлари ҳамда туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари уларга нисбатан қатъий жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Йиғилишда иштирок этган Бош вазир ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоров ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев томонидан туманлардаги маъсулларнинг фаолияти қаттиқ танқид қилинди ва Тошкент шаҳрида 1-чорак даромадлар тушуми режасини март ойининг охиригача бажариш учун 801,9 млрд. сўм миқдорида тушумни қолган қисқа муддатда амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.