Кун нашрининг ёзишича, Президентга ушбу учрашув давомида “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли лойиҳаси тақдири бўйича савол берилган.
Мирзиёев бу жуда жиддий масала эканини, бу бўйича музокаралар давом этишини таъкидлади. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу лойиҳадан «Толибон» ҳам манфаатдор.
Лекин улар бир муаммога дуч келишяпти – аксарият давлатлар уларни тан олмай туриб, бундай катта ишларни амалга ошира олмайди, ҳеч ким молиялаштирмайди. Афғонистоннинг захира маблағлари музлатилган, бу маблағлар қайтарилиб, халқ заруратига ишлатилса яхши бўларди, – дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент шунингдек, Афғонистонга хавф солаётган масала ҳақида гапирди.
Бундан ташқари, ҳозир Афғонистонни кундалик муаммолар қийнаб турибди, аҳолига очлик хавф соляпти. Бу давлатда барқарорлик сақланиши учун мана шу қишдан эсон-омон ўтиб олишлари жуда муҳим. Мачитдаги портлаш ҳам яхши сигнал эмас, бу зиддиятларни кучайтиради.
Лойиҳа тақдирига келсак, биз уни албатта амалга ошириш ҳаракатидамиз. Чунки бу темирйўл кўп давлатлар учун жуда муҳим. Лойиҳага киришганимизданоқ кўп давлатлар биз учун транзит тарифларини камайтиргани бежиз эмас, – деди Шавкат Мирзиёев