Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида бу сафар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кузатувчилар иштирок этмоқда. Туркия Республикаси Анқара инқироз ва сиёсатни ўрганиш маркази – “AnkaSAM” директори Меҳмет Сейфетдин Эрол улардан бири.
Хорижлик меҳмоннинг Ўзбекистон, мамлакатимиздаги сайлов жараёнлари хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.
– Ўзбекистондаги Президент сайловида кузатувчи бўлиб иштирок этиш мен учун катта шарафдир, – деди Меҳмет Сейфетдин Эрол. – Биз кун давомида бир қатор сайлов участкаларида бўлдик. Одамларнинг фаоллиги, сайловда ўзи муносиб, деб топган номзод учун эрта тонгданоқ келаётганига гувоҳ бўлдим.
Сайлов жараёнига оид барча ишлар юксак савияда, шаффоф, ҳаққоний, очиқ ва ошкора тарзда бўлиб ўтмоқда. Бу ерда одамларга салбий таъсир кўрсатадиган бирор жиҳатга кўзим тушмади. Сайлов билан боғлиқ барча жараёнлар халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради.