Шавкат Мирзиёев инаугурация жараёнида экологик муаммолар ҳақида тўхталди. Давлат раҳбари ушбу муаммоларни ҳозир ва шу ерда ечиш кераклигини таъкидлади.
Мамлакатимизда экологик хавфлар ошиб бормоқда. Қум бўрони буни яна бир бор тасдиқлади. Орол денгизи ҳудудидаги вазият ҳам жиддийлашмоқда. Шу борада биз Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятимизни жадаллаштириш керак, – дейди Президент.
Таъкидлаш жоиз, қум бўрони Ўзбекистонда 3 ноябрдан буён кузатилмоқда. Аввалроқ Ўзгидромет қум бўрони қаерда шакллагани ҳақида ёзган эди.