Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим усувор йўналиши бу - етакчи хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан стратегик алоқалари мувозанатли стратегик шериклик тизимини шакллантиришдир. Бундай ёндашув иқтисодиётни модернизация қилиш, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, Марказий Осиёда ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт шароитлар яратиш масалаларини самарали ҳал этишни таъминлашга қаратилган.
Олий даражадаги алоқалари самарасида, Тошкент Россия билан муносабларни мутлақо янги даражага олиб чиқди. Россия Федерацияси билан кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланмоқда. Бундан аввал имзоланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ҳамда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация янгича мазмун билан тўлдирилиб, амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Бу тенденциялар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга уюштирган ташрифида ўз аксини топди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия муносабатларимизда чинакам улкан ютуқларга эришилди. Бош вазирлар даражасидаги қўшма комиссия ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда.
Кейинги тўрт йилда Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони икки баробар кўпайиб, қарийб 3 мингтани ташкил этмоқда. Бугун юртимиз иқтисодиётида Россиядан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди ва жадал ўсишда давом этмоқда.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловларга қарамасдан, тўққиз ой якунида беш миллиардни ташкил этди, йил охирида етти миллиард бўлади. Бундан ташқари, учта катта тадбир: ҳудудлар, таълим ва медиа форумлари ўтказилди. Хусусан, таълим форуми якунида шерикликнинг янги йўналишларига доир 35 дан ортиқ битим имзоланди.
Қайд этилганидек, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасаларининг қўшимча 11 та янги филиаллари фаолият юритишни бошлади ва яқинда очилган Пирогов номидаги Россия миллий-тадқиқот тиббиёт университети филиалини ҳисобга олган ҳолда, ҳозирда уларнинг сони 15 тага етди.
Биз, парламентда Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи арафасида ўтказилган II Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми натижаларини алоҳида таъкидлаймиз. Форум якунида саноат, энергетика, транспорт ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатига доир янги битим ва шартномалар имзоланди.
Москвада бўлиб ўтган ушбу II Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик комплекс дастури ҳам имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетников томонидан имзоланди. Дастур иқтисодий ҳамкорликда замонавий воситалар, жумладан электрон савдо, иқтисодиётни рақамлаштириш, янги энергова сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш зарурлигини ҳисобга олади. Ўз навбатида, ушбу дастур узоқ муддатли истиқболга қурилган бўлиб, унда кенг кўламли вазифалар белгилангани, уларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилгани билан эътиборни тортади.
Шунингдек, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва мавжудларини амалга оширишни тезлаштириш доирасида Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ва Россия Ўзбекистон инвестициялар жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам катта қизиқиш уйғотади. Бу ҳар икки мамлакат идоралари ўртасида имзоланган келишувларда кўзда тутилган. Эришилган келишувлар доирасида шунингдек, ахборот ва экспертиза алмашинуви ҳам кўзда тутилган бўлиб, томонлар ўз эътиборларини икки мамлакат ҳудудида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга қаратадилар.
Умуман олганда, биргаликда умумий қиймати 14 миллиард долларлик истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилганидан далолатдир. Жорий йилнинг ўзида 50 дан ортиқ олий даражадаги ўзаро ташрифлар ташкил этилди. Мамлакатимиз парламенти аъзолари ҳудудлараро ҳамкорлик форуми натижаларини алоҳида қайд этадилар, чунки ҳудудлар ўртасидаги аниқ ўзаро ҳамкорлик, ўзаро манфаатли лойиҳалар мамлакатларимизнинг умумий ҳамкорлигига туртки беради.
Икки мамлакат раҳбарлари минтақавий хавфсизлик масалалари ва Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашиб, ташқи сиёсат ва мудофаа идоралари ўртасидаги икки томонлама маслаҳатлашувларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлашди.
Россия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги муҳим саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
ЎзЛиДеП депутатлари ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларини қамраб олган ҳолда, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликга асосланган юқори даражадаги икки томонлама муносабатларни сақлаб қолиш тарафдори. Умуман олганда, ишонамизки, ҳар икки давлат иқтисодиёти тармоқларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта захиралар бор. Шу боис, самимий ва дўстона муҳитда ўтган суҳбатнинг мантиқий натижаси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканининг тасдиқлангани бўлди. Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилдилар. Ташриф доирасида жами 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Шундай қилиб, ушбу ташриф Президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг кенг кўламли ҳусусиятини яққол намоён этади. Бу мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ва узоқ-яқиндаги давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсатини ривожлантириш борасидаги фаолиятининг мантиқий давоми бўлди.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси