Халқимизда юз кунлик ибодатдан бир кунлик адолат афзал, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган халқ ичига юриш ўтган вақт давомида нақадар доно, халқнинг манфаатини, юртнинг келажагини кўзлаб юритилган доно сиёсати эканлигини исботлади. Буни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари А. Усмонов томонидан Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги 9-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган сайёр қабул мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ангор туманидаги “Шарқ гули” маҳалласида жойлашган мусиқа мактаби ҳовлиси бир пастда мурожаатчилар билан тўла бошлади. Бу ерда Термиз, Ангор, Музработ туманлари ҳамда Термиз шаҳридан келган фуқароларни Президент маслаҳатчиси ўринбосари А. Усмонов қабул қилди. Сайёр қабул келган фуқароларнинг юз-кўзларидан Президентимизга, ҳукуматимизга, давлат идораларига бўлган ишончи шундоқ кўриниб турарди.
Салкам олти соат давом этган сайёр қабулда вилоят ва туманлардаги барча сектор раҳбарлари туманлар ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, бошқармалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоат ташкилоти вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди. Қабул давомида 218 нафар фуқародан 281 та мурожаат келиб тушди. Энг муҳими, бу мурожаатларнинг 41,3 фоизи шу ернинг ўзида ҳал этилди. Масалан, Ангор туманидаги “Навбаҳор” маҳалласи 78-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Муборак Қобиловага ногиронлиги бўлган шахсларга қурилаётган уй-жойлардан уй ажратиш белгиланди.
— Мен Президентимиз юборган вакилдан ўла-ўлгунча миннатдорман. Бу менинг ягона орзуим эди, — дейди М. Қобилова. — Шунингдек, ангорлик Тожибой Зиёқулов, Чори Ҳасанов, Хушбоқ Йўлдошев, Раҳмонқул Сайимов, Жанғил Қорабоеваларга эшитиш мосламаси топширилди. Олти нафар фуқарога туғилганликни қайд этувчи гувоҳнома, иккита оилага никоҳни қайд этиш гувоҳномалари кенг жамоатчилик олдида тантанали суратда топширилди. Гувоҳнома олганларнинг қувончи ва севинчи оламга сиғмасди.
Музработ туманидан келган фуқаролар Хўжамқул Худоёров, Йўлдош Бозоров, Содиқ Жумаевлар шахсий томорқаларига сув келмаслиги муаммосини айтишганди. Бу масала тегишли ташкилотга топширилиб, зудлик билан ҳал этиш таъкидланди. Улар ҳам уйларига сайёр қабулдан катта қониқиш ҳисси билан қайтишди. Қабулга келган бундай фуқароларни кўплаб кўриш мумкин эди.
Муҳтарам Президентимизнинг “Одамлар қонун учун эмас, қонун одамлар учун ишлаши керак”, деган шиорлари бугун ҳар жабҳада ўзининг амалий исботини топмоқда. Сайёр қабул сўнгида барча мурожаатлар қатъий назоратга олиниб, тегишли ташкилот раҳбарларига адолатли кўриб чиқиш учун 10 кун муҳлат берилди. Бир сўз билан айтганда, бундай сайёр қабуллар халқнинг Президентимизга, ҳукуматимизга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, халқ фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини мурожаатлар ечимидан ҳам кўриш мумкин.