Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев бугун, 28 ноябрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрига келди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, Президент Туркманистонда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этади. Мирзиёевни аэропортда Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди. Шундан сўнг икки давлат раҳбарлари музокара ўтказди. Мирзиёев суҳбатдан аввал қўшни давлат раҳбарини миллий байрам – Бетарафлик куни билан самимий қутлади.
Икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил октябрь ойида олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон Президенти Туркманистоннинг ИҲТдаги сермаҳсул раислигини юксак баҳолади ва Ашхобод саммити муваффақиятли ўтишини тилади.
Сўнг тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.