Дунёда коронавируснинг янги штамми тарқалиши авж олгани муносабати билан Ўзбекистонда қатор чекловлар ўрнатилмоқда. Бу бўйича махсус комиссия тавсияси берилган.
Маълум бўлишича, 3 декабрдан айрим давлатлар билан халқаро авиақатновлар тўхтатилади. Хусусан, Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан халқаро авиақатновлар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатилди.
Шунингдек, ушбу давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилмайди.
Таъкидланишича, Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига кириб келувчи йўловчилар ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.
Шунингдек, исталган хорижий давлатдан келганлардан 72 соат ичида олинган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумот талаб этилади. Агар бундай маълумоти бўлмаса, унда аэропорт, вокзал ёки чегара постларида мажбурий экспресс тест топширади.
Шу билан бирга, аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадида фуқароларга янги 2022 йил байрами тадбирларини имкон қадар оила даврасида ўтказиш тавсия этилди.