Аввалроқ Ўзбекистон раҳбари йил оҳирига қадар Қозоғистонга бориши хабар қилинган эди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати мамлакатимиз раҳбари қўшни давлатга қачон боришини маълум қилди. Унга кўра, Мирзиёев шу йил 5-6 декабрь кунлари Қозоғистонда бўлиши таъкидланди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Нур-Султон шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтади, уларда биродар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилади.
Сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришнинг долзарб масалалари ҳам кун тартибига киритилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари халқаро масалалар юзасидан фикр алмашадилар ва минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини муҳокама қиладилар.
Саммит якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилган.
Ташриф арафасида Нур-Султонда икки мамлакат етакчи компания ва тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ҳам ўтказилади.