Юртбошимизнинг янги президентлик муддати доирасидаги илк давлат ташрифи айнан Қозоғистонга амалга оширилиши Ўзбекистоннинг минтақамиздаги давлатлар билан кўп асрлик дўстлик муносабатларини давом эттираётганлиги, яхши қўшничилик, табиий стратегик, иқтисодий шериклик ва ўзаро ишонч тамойилларига содиқлигини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири Қозоғистон билан стратегик алоқалар бўлиб, ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистон ва бу мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён, деярли ўттиз йил давомида ҳаморликнинг турли йўналишларида салмоқли натижаларга эришилди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда икки давлат ҳамкорлигининг стратегик муносабатлари янги тарихий даврга қадам қўйди.
Мамлакатларимизнинг Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва мустаҳкам ривожланишни таъминлаш масалалари бўйича позицияларнинг мос келиши қайд этилиб, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилиш асосида минтақалараро муаммолар бўйича ўзаро мақбул қарорлар қабул қилинмоқда.
Биз Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг халқаро сиёсатнинг муҳим масалалари бўйича позицияларининг яқинлигини, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ўзаро интилишларини ҳамда халқаро майдонда, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро манфаатли алоқаларни жадаллаштиришда мақсадлар муштаракдир.
Шу боис, Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокчилар ҳисобланган халқаро шартномалар асосида халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотик ва қуролларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда бошқа хавфсизликка таҳдидлар билан курашишда маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали икки томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтирмоқда .
Гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида истиқомат қилаётган ўзбек ва қозоқ диаспоралари учун она тили, миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантириш масалаларида қулай шароитлар яратилган.
Пандемия даврида давлатларимиз бир-бирига қардошлик ёрдамини кўрсатди. Карантин чекловларига қарамай, икки томонлама савдо ҳажмларининг доимий ўсишини таъминлашга, икки мамлакат бозорларида харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни товар айланмасига жалб қилиш орқали икки томонлама савдони диверсификация қилишга ҳамда иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг узоқ муддатли шаклларини ривожлантиришга ўзаро интилишларига асосланган икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожининг ижобий тенденциялари сақланиб қолмоқда. Масалан, жорий йилда товар айирбошлаш рекорд даражага – 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Хусусан, савдо муносабатлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал суръатда ривожланди. Ташқи савдо, ўзаро инвестициялар ва кооперация алоқаларини кенгайтириш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳали фойдаланилмаган салоҳияти фаол амалга оширилмоқда. Масалан, 2021 йилнинг 10 ойи якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ташқи савдо кўрсатгичлари сезиларли даражада – товар айланмаси 36,5 фоизга, экспорт 30,5 фоизга, импорт 39,3 фоизга ўсган. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро савдо озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва ускуналар, кимёвий маҳсулотлар, энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари, металлар ва металл буюмлари каби кенгайтирилган товар гуруҳлари билан ифодаланади.
Транспорт ва коммуникациялар, саноатнинг кон қазиш ва қайта ишлаш тармоқлари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, кимё ва енгил саноат, соғлиқни сақлаш ва туризм каби устувор йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда. Автомобилда ва темир йўллари орқали юк ташиш ҳажмлари ошмоқда. Авиақатновлар тўлиқ қайта тикланди, янги йўналишлар очилмоқда. Етакчи корхоналаримиз кооперацияни муваффақиятли кенгайтирмоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 6 баробарга ошди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга уюштирган давлат ташрифи арафасида жорий йилнинг 25-26 ноябрь кунлари Туркистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда Ҳудудлараро ҳамкорлик III форуми бўлиб ўтди. Икки давлат делегацияларига Ўзбекистон Бош вазири А.Арипов ва Қозоғистон Бош вазири А.Мамин раҳбарлик қилишди. Тадбирларда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари ва ҳудудий маъмуриятлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Бугунги кунда ушбу Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда сиёсий-иқтисодий ҳмакорликнинг муҳим институти бўлиб, ўзини самарали давлатлараро майдонча сифатида намоён қилди. Масалан, Марказий Осиёдаги минтақавий савдонинг 70 фоизи Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.
Форумда икки томонлама шерикчиликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди, хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва мавжуд нотариф тўсиқларни бартараф этишга тайёрлик билдирилди. Икки мамлакат божхона органларининг “Соддалаштирилган божхона йўлаги” механизмини ишга тушириш бўйича қўшма фаолиятининг алоҳида долзарблиги қайд этилди. Саноат кооперациясини янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада автомобилсозлик, енгил саноат, машинасозлик, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва фармацевтика истиқболли йўналишлардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан “Учқудуқ-Қизилўрда” автомобиль ва темир йўллари, “Туркистон-Чимкент-Тошкент” юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўлини барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш шубҳасиз катта қизиқиш уйғотади. Ушбу тадбирлар якунида қиймати 6 миллиард долларга яқин бўлган янги инвестиция ва савдо келишувлари имзолангани Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар самарадорлигининг даражасини яққол кўрсатади.
Бизнингча, бу ижобий тенденцияларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан декабрь ойида ушбу мамлакатга амалга оширган мазкур давлат ташрифи чоғида ҳам яққол намоён бўлди.
Хусусан, самимият ва ишонч руҳида ўтган учрашувда етакчилар кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон шериклигига доир кенг кўламли масалаларни, шу жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кўриб чиқдилар, халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, “Ўзбекистон ва Қозоғистон – табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради.”
Сўнгги йилларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, бунда мамлакатларимиз ҳудудлари ва тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Биз депутатлар бу тенденцияни олқишлаш билан бирга, қонунлар билан парламентга берилган тегишли ваколатлар билан уни янада қўллаб-қувватлашга тайёр эканимизни билдирамиз.
Буларнинг барчаси савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, транзит ва логистика, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, агрокластерлар, улгуржи-тақсимлаш ва логистика марказлари, туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ишбилармон доиралар иштирокида ўтказилган тадбирларда умумий қиймати икки миллиард доллардан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳалари тайёрланди. Айнан ана шу тарзда, яқин 5 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиардга етказиш мумкин, деб ҳисоблайди парламент вакиллари.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдек муҳим масалага ҳам тўхталиб ўтилди. Шу мақсадда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор, узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқиш ва икки мамлакат ўртасида сув муносабатларининг барча йўналишларига оид таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳ фаолиятини давом эттиришга келишиб олинди. Сув тежайдиган янги технологияларни жадал жорий этиш бўйича биргаликда ишлаш, Оролбўйида дарахтзорлар барпо этиш борасида қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Умуман олганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига амалга оширган ушбу давлат ташрифи Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп асрлик қардошлик ва ҳамкорлик ришталари, ўзаро ҳурмат, ишонч ва ошкоралик принципларига асосланган ҳозирги мустаҳкам алоқаларнинг ёрқин тасдиғи бўлди.
Бўлиб ўтган музокаралар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги аҳил қўшничилик, дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни жадал суръатда ва изчил ривожлантиришга қўшимча туртки беради.
Биз парламент вакиллари ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари икки томонлама стратегик шерикликни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтариш тўғрисида тарихий қарорнинг қабул қилинишини Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифининг асосий натижаларидан бири деб ҳисоблаймиз.
Икки томонлама ҳамкорлик иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилгани, биродар халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларимизга мос келади.
Ишончимиз комилки, бу нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақанинг изчил тараққиёти, барқарорлиги ва равнақи учун улкан аҳамиятга эга бўлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг иттифоқчилик муносабатлари даражасига олиб чиқилиши парламент ва сиёсий партиялар олдига биродар халқларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини аниқ мазмун билан бойитиш, авваломбор, янги Парламентлараро ҳамкорлик кенгашини таъсис этиш вазифаларини қўяди.
Актам ХАИТОВ,
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
партия фракцияси раҳбари