Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”га қуйи палатадаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Саноат, савдо ва қурилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг ҳамда шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоқларининг бугунги ҳолати, уларни яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала киритилди.
Таъкидлаш жоизки, депутатларнинг ўз сайлов округларидаги учрашувлари давомида кенг аҳоли қатлами томонидан мунтазам кўтарилаётган оғриқли муаммолардан бири эканлиги мазкур масаланинг нақадар долзарблигини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан “Ҳукумат соати”га қуйи палата депутатларига ахборот ҳамда саволларга атрофлича жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Назаров таклиф этилди.
Дастлаб парламент вакиллари кўтарган масала юзасидан қўмита томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, ички йўлларнинг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлашга хизмат қилаётгани қайд этиб ўтилди. Шунингдек, Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ўтган 2018 йилда 417 та қишлоқдаги йўллар таъмирланиб, фойдаланишга топширилган.
Соҳада малакали кадрлар тайёрланишининг мутлақо янги тизимини шакллантиришда, хорижий давлатларда талабалар амалиётини ташкил этиш, ўқув жараёнига илғор хорижий мутахассисларни жалб қилиш, қўшма адабиётлар чоп этиш масалаларини ривожлантириш ҳамда автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси жараёни, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автомобиль ҳаракат оқимини самарали бошқаришда халқаро майдонда кенг фойдаланилаётган замонавий дастурий таъминотлар лицензияларини харид қилиш чоралари кўрилаётгани таъкидланди.
Депутатлар томонидан қўмита фаолиятига муносабат билдирилиб, жойлардаги муаммолар аниқ далил ва мисоллар билан келтириб ўтилди. Хусусан, йўлларнинг сифатсиз қурилиши аҳоли ёки давлатга нафақат иқтисодий зарар, балки бошқа талафотларни ҳам келтириб чиқармоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг муайян қисми айнан йўлларнинг носозлиги туфайли содир бўлмоқда.
Шу билан бирга, йўлларни сифатли ва узоқ муддатли хизмат қилишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги ҳам танқид остига олинди. Депутатлар йўл қурилишида зарур материаллар ва техниканинг етишмаслиги, ички йўлларда белгиланган меъёрдан ортиқ вазнга эга юк автомобилларининг ҳаракатланишини чеклаш, автомобиль йўлларини рисоладагидек ҳолга келтиришда давлат ва хусусий сектор муносабатларини ривожлантириш бўйича ишлар талаб даражасида эмаслигига эътироз билдирди.
Қизғин савол-жавоб, баҳс-мунозара руҳида кечган “Ҳукумат соати”да йўлларнинг бугунги ҳолати, уларни яхшилаш борасида қилинаётган ишларни жадаллаштириш, сифатини ошириш юзасидан Автомобиль йўллари қўмитасига тавсиялар берилди. Бу борада самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан эса, масаланинг долзарблиги, мавжуд камчилик ва муаммоларнинг республикамизнинг ҳар бир ҳудудида мавжудлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирига парламент сўрови юбориш таклифи билдирилди.