Президентимизнинг Олмалиққа ташрифи: ислоҳотлар самаралари барча жабҳаларда яққол намоён

Президентимизнинг Олмалиққа ташрифи: ислоҳотлар самаралари барча жабҳаларда яққол намоён
Ҳаммамизга маълум: Ўзбекистон фойдали қазилмаларга бой давлат. Бу ресурслардан унумли ва оқилона фойдаланиш иқтисодий салоҳиятимиз ўсиши, демакки, халқимиз фаровонлиги юксалиши учун катта имкониятлар яратади. Шу боис кейинги беш йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев кон саноатини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, “драйвер” тармоқлардан бири сифатида эътироф этилаётган кон-металлургия ва мис саноатининг тараққиёти жадал тус олди. Секторга йирик инвестициялар жалб қилинди, геология-қидирув ишларини молиялаштириш давлат томонидан кенгайтирилди.

Бу борадаги ислоҳотлар келгусида ҳам изчил давом этади. Зеро, бир неча ой аввал президентликка номзод Шавкат Мирзиёев мазкур йўналишдаги режаларини ҳам эълон қилган: “... Келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади. Буни, аввало, “драйвер” соҳаларда, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида саноат кластери тизимини ривожлантириш орқали йўлга қўямиз”. Дарҳақиқат, ўрта ва узоқ муддатли истиқбол учун режалаштирилган чора-тадбирлар кон-металлургия секторини янги, замонавий, юқори технологияли босқичга олиб чиқиш имконини беради.

Кейинги йилларда Тошкент вилоятидаги Олмалиқ шаҳри ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ривожланиб бормоқда. Янги корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари ишга тушмоқда. Бу ижобий ўзгаришлар Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолияти самарадорлиги ортиши шарофати билан юз бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев кеча мазкур шаҳардаги йирик саноат лойиҳалари, ижтимоий соҳа фаолияти билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

Қайд этиш зарурки, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳиссасига тўғри келади. Охирги йилларда илмга ва технологияга катта маблағ йўналтирилгани натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олмалиққа ташрифи чоғида, аввало, мазкур кондаги ишларни кўздан кечирди.

Бу ерда иш бошланган 2017 йилда йилига 3 миллион куб метр кон ишлари бажарилар эди. 415 миллион долларлик 570 дан зиёд замонавий техникалар олиб келингач, самарадорлик ўн карра ошди. Эндиликда иш ҳажми йилига 40 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

Президент комбинатнинг 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиш жараёни билан ҳам танишди. Олмалиқ кон-металлургия комбинатини 2030 йилгача ривожлантиришга доир режалар муҳокама қилинди. Мис кластери ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлди.

– Комбинатни, албатта, зўр қиламиз. Лекин аввало, одамлар рози бўлиши керак. Уйи яхши, суви чучук, электри ўчмайдиган, иши даромадли бўлиши лозим. Бунинг учун маҳаллада қандай муаммолар борлигини, уларни ҳал қилиб, одамларга шароит яратиш учун нима кераклигини сизлар айтишингиз зарур. Шунинг учун очиқ мулоқот қилсак, фойдали бўлади,, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари “халқ манфаати ҳамма нарсадан улуғ” деган эзгу ғоя юртимизда амалда эканидан яна бир карра далолат беради.

Шавкат Мирзиёев шаҳарнинг айрим ижтимоий муассасаларидаги шароитларни ҳам кўздан кечириб, бу борадаги ишларни такомиллаштириш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар, топшириқлар берди.

Пировардида шуни айтишни истардикки, Президентимиз ислоҳотларнинг бориши, белгиланган вазифаларнинг бажарилиши билан бевосита танишиш, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиш, юртдошларимизни янги, юксак марралар сари ундашни изчиллик билан давом эттирмоқда. Давлатимиз раҳбарининг фидокорона саъй-ҳаракатлари “Инсон қадри ҳамма нарсадан устун” деган улуғ ғоя тўла-тўкис ҳаётга татбиқ қилинишига қаратилгандир. Президентимизнинг хайрли ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари, айниқса, биз – сиёсий партия вакиллари учун ғоят ибратлидир. Дастурий мақсадларимиздан келиб чиқиб, бутун куч ва имкониятларимизни одамларни рози қилишга, Янги Ўзбекистон пойдеворини мустаҳкамлашга сафарбар этишимиз керак.

Актам Хаитов

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги партия фракцияси раҳбари

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Президентимизнинг Олмалиққа ташрифи: ислоҳотлар самаралари барча жабҳаларда яққол намоён