Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва вилоятлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган 318 минг 559 та мурожаатнинг 302 минг 527 таси кўриб чиқилиб, 287 минг 489 таси қаноатлантирилган, 206 719 таси ижобий ҳал этилган. Аҳоли томонидан билдирилган ушбу масалаларнинг 1 минг 310 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Халқ қабулхонасига келиб тушган бўлиб, уларнинг 1 минг 51 таси ёки 80,2 фоизи ижобий ҳал қилинган.
Шундай экан, Халқ қабулхоналари бу йўналишдаги конституциявий нормаларни ҳаётга жорий этишга, халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда барча даражадаги раҳбарларнинг фуқаролар билан очиқ, ошкора мулоқоти йўлга қўйилиб, аҳолининг ҳақли талабларини ҳал этиш ва эҳтиёжларини аниқлаш, ҳаётидан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди. Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак, деган улуғвор ғоя раҳбарларнинг мурожаатлар билан ишлаш масъулиятини оширди. Кейинги беш йилда юз берган бу янгиланишлар одамларнинг бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ яшашга бўлган иштиёқини рўёбга чиқариш учун қулай муҳит, кенг имконият яратди.
Эндиликда ҳаётнинг ўзи аҳоли мурожаатларига муносабатни тамомила ўзгартириб, ҳатто уларнинг ижроси қай даражада бажарилаётганини чуқур таҳлил қилишни тақозо этмоқда. Натижалари ҳокимлик йиғилишларида, маҳаллий кенгашлар сессияларида муҳокама этилмоқда, буларнинг барчаси юртимизда қисқа даврда юз берган беқиёс янгиланишлар, шу жумладан, очиқлик ва ошкораликнинг амалдаги самарасидир.
Бундан беш йил олдин бир туман ёки шаҳарда бир йилда мингдан ортиқ инсоннинг муаммоси ечим топганини тасаввур қилармидик? Ёки одамлар дуч келган масаласини раҳбарлар олдига тортинмасдан кўндаланг қўя олармиди? Йўқ, албатта. Чунки, юртимизда аҳоли мурожаатларини тинглаш ва ҳал этишга ҳозиргидек эътиборнинг ўзи йўқ эди.
Хўш, Бухоро вилоят Қоракўл туман фуқаролари қандай йўналишлар бўйича Халқ қабулхонасига кўпроқ мурожаат этмоқда? Таҳлилларга кўра, йилнинг ўтган даврида 89 та суд масалаларига оид, 71 та ички ишлар фаолиятиги оид, 111 таси прокуратура фаолиятиги оид, 64 та алимент масалаларига оид, 15 та суд ижросига оид, 75 та соғлиқни сақлашга оид, 44 та пенсия тайинлаш ва нафақа пулларини олишга оид, 24 та мактаб таълимига оид, 43 та уй-жой билан таъминлаш ёки ер ажратиш масаласига оид, 99 та иш билан таъминлаш масаласи юзасидан, 3 та олий таълим масалаларига оид, 93 та кредит олиш, 33 та банк-молия масалаларига оид, 70 та газ, электр ва сув таъминотига оид, 48 та йўл-қурилиш билан боғлиқ, 15 та солиқ тўловлари оид, 20 та қурилиш соҳасига оид, 70 та моддий ёрдам олишга оид, 495 та бошқа масалаларга оид бўйича мурожаатлар кайт этилган. Ичимлик сув ва электр энергиясидаги муаммолар, уй-жойни таъмирлаш, даволанишга кўмаклашиш, моддий ёрдам,тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун кредит олиш ва ер ажратиш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам анчани ташкил қилди.
Масалан, Туманнинг чекка ҳудудида истиқомат қиладиган, (исмини ёритилишини истамаган) фуқаро Халқ қабулхонасига мурожаат этиб, қизининг кўзи оғриб касалланиб кўп йил даволанганлиги, аммо барибир кўзи соғаймаганлиги, топаётган даромади қизини даволатишига етмаётганлиги, шу сабабли қизига ногиронлик гуруҳи белгилатиб, нафақага чиқаришга мажбур бўлганлиги, ногиронлик гуруҳи белгилатиш учун тегишли идораларга хужжат топширганлиги, лекин хужжатлари кўп муддатдан буён тасдиқланмасдан, Пенсия жамғармасига ўтказилмай қолиб келаётгонлигини билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Дастлаб мурожаатни тезкорлик ва ҳолисона ўрганиш учун тегишли соҳа мутахассислари ҳамкорлигида ишчи гуруҳ тузилиб мурожаат фуқаронинг иштирокида ўрганилиб, ҳужжатлардаги камчиликлар бартараф қилинди, унинг қизига болаликдан ногиронлик нафақаси тайинланиши таъминланиб, мурожаат ижобий ҳал қилинди.
Янгизамон маҳалласида яшовчи фуқаро Болтаев Муротбой ва бошқалар маҳалланинг ички йўлларга тош тўкиб таъмирлаш масаласида мурожаат қилди. Улар ўртага ташлаган бу масалалар ўрганилиб, ички йўлларга тош тўкилиб, таъмирланди. Ҳудудда қулайлик ва имкониятларга эга бўлган замонавий маҳалла маскани барпо этилди. Қоракўл тумани марказидан 25 км. масофада жойлашган “Янгизамон” маҳалласида истиқомат қилувчи 1098 та оилага Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйига ажойиб туҳфа бўлди. Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбари томонидан ҳудуддаги бошқа муаммолар ҳам ўрганилиб, ечими топилди.
Кези келганда шуни айтиш лозимки, халқимизни қийнаётган кўчаларни таъмирлаш, ичимлик сув, электр энергияси таъминоти каби муаммоларнинг аксарияти узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган масалалардир. Мисол учун, мустақиллик йиллари ички йўлларни таъмирлашга талаб даражасида аҳамият берилмагани сабабли айрим қишлоқ кўчалари яроқсиз ҳолга келган. Ўтган тузумда ўрнатилган сув қувурлари чириб қолган. Электр энергияси етказиб берадиган сим ёғочлар ўз хизматини ўтаб бўлган. Ёки маҳаллаларда аҳоли сони кескин ортиб, янги уй-жойлар қурилаётгани натижасида ўрнатилган электр трансформаторлари кучланиши етмай қолган.
Айни пайтда шундай ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганидан фойдаланиб, муносиб турмуш кечириш учун бу масалалар ечимини кўндаланг қўймоқда. Жумладан, Арна маҳалласида яшайдиган бир гуруҳ фуқаролар Халқ қабулхонасига ҳамда Президентинтнинг ишонч телефонига маҳалла ҳудудида электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни маълум қилди. Мурожаат тегишли тартибда ўрганилгач ҳудуддаги КТП-216 кучланишли трансформатор ёнидан қўшимча 250 кучланишдаги трансформатор ўрнатилиб, ҳозирги кунда барча тоифадаги истеъмолчилар узлуксиз электр энергияси билан таъминланган.
Янги қалъа маҳалласида яшайдиган бир гуруҳ фуқаролар маҳалладаги бир нечта электр сим устунлари яроқсиз ҳолга келганлиги, уларни алмаштириш кераклиги масаласида мурожаат қилди. Улар ўртага ташлаган бу масала жойида ўрганилиб, ушбу мурожаат ижро учун Қоракўл туман Электр тармоқлари корҳонасига юборилди. Мурожаат тегишли тартибда ўрганилгач ҳудуддаги яроқсиз сим устунлари янги сим устунларга алмаштирилиб, мурожаатда кўрсатилган камчиликлар бартараф килиниб, электр энергия сифати яхшиланди, мурожаат ўз ечимини топди.
Янги Ўзбекистоннинг Халқ қабулхоналари бугун фидойи халқимизнинг том маънодаги дарду-ташвишини тинглаб, қувончларига шерик бўладиган, улар дуч келаётган муаммоларни ишончли ҳал этадиган ўзига хос тузилмага айланди. Ҳокимият ва халқ ўртасида очиқ, шаффоф мулоқот қилиш тизимини яратди. Бундай улуғвор, эзгу ишлар жойларда қонун устуворлигини таъминлаб, одамларни рози қилиш, уларнинг эртага эмас, айнан бугун яхши яшаши, муносиб турмуш кечириши учун барча шароитларни яратиб беришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Авлиёқул ОҚҚИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қоракўл туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қоракўл туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.