Бугун, 24 январь куни Фарғона вилоятининг Бағдод тумани ва Фарғона шаҳрига ҳоким тайинланди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, бугун Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган ва унда ташкилий масала кўрилган. Сессияда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, шаҳар ҳокимлигига Назаров Восилжон Шухратович (суратда чапдан биринчи - таҳр.) номзодини тавсия қилган. Йиғилганлар уни бир овоздан қўллаб-қувватлаган. Таъкидлаш жоиз, Назаров 2021 йилдан Бағдод тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
Шунингдек, бугуннинг ўзида халқ депутатлари Бағдод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган ва унда вилоят ҳокими иштирок этган. Бу йиғилишда ҳам ташкилий масала кўрилиб, туман раҳбарлигига Юсуфжон Хусаинов номзоди тавсия этилиб, бир овоздан маъқулланган. Вилоят ҳокимлигининг маълумотига кўра, Хусаинов 2020 йилдан буён вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келаётган бўлган.