Бугун пластик картадаги маблағни барчамиз ҳеч бир муаммосиз нақд қилиб оламиз. Бунга кўникиб ҳам улгурдик. Ваҳоланки, беш йил аввал ойлик, нафақа, пенсия ёки стипендия ҳисобига кун кўрадиган инсонларнинг қўли деярли пул кўрмасди. Ишлайдиган банкоматнинг ўзи йўқ эди. Энг ёмони, бозор ё дўконда пластик карта орқали маҳсулот сотиб олмоқчи бўлган одам 15-20 фоиз қиммат тўлашига тўғри келарди.
Давлатимиз раҳбари халқ билан мулоқот тизимига асос солгач, дастлабки беш ойнинг ўзида Президент виртуал қабулхонасига бу масалада келиб тушган 7 мингдан шикоятлар ҳам таҳлил қилинди, ўрганилди ва албатта мазкур соҳа ислоҳ этилди. Натижада мамлакатимизда нарх-навонинг нақд пул ва нақд пулсиз шакли ўртасида фарқ қолмади. Шу боис ҳам 2018-2021 йилларда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига пенсия ва бошқа ижтимоий нафақалар одамлар розилигисиз пластик карточкага тўлиқ ўтказиб юборилаётгани ҳақида деярли мурожаат келиб тушмади.
Албатта, бу – Халқ қабулхоналари институти амалда бераётган натижаларга биргина мисол, холос. Халқ билан мулоқотнинг бу ноёб тизими туфайли мурожаатлар билан ишлаш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳар бир юртдошимиз ва хорижлик фуқаролар учун бевосита давлат раҳбарига мурожаат этиш имконияти пайдо бўлди.
2017-2021 йилларда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган 5 миллион 780 мингдан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилди, шундан 3 миллион 288 мингдан ортиғи қаноатлантирилди. Мурожаатларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва қонуний ўрганиб чиқилиши натижасида уларни қаноатлантириш даражаси ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, бу кўрсаткич 2017 йилда 47,5 фоиз, 2018 йилда – 53,9, 2019 йилда – 60,9, 2020 йилда 60,4 фоиз бўлса, 2021 йили 86,7 фоизни ташкил этди. Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида эса наинки бир киши, балки бир қанча оилалар тақдиридаги ўзгаришлар мужассам.
Мурожаатлар таҳлили дастурлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини шакллантиришга асос бўла бошлади. Мурожаатлар таҳлили асосида сўнгги беш йилда чегаралар очилиши, яқин қўшничилик алоқалари тикланиши, фуқаролик, прописка тизимлари, афв этиш, пенсия, валюта сиёсатини ислоҳ қилиш, бузиладиган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш ва бошқа масалалар бўйича қабул қилинган муҳим ҳужжатлар халқнинг давлатдан рози бўлишига, тизимли муаммолар ҳал қилинишига хизмат қилди. Қатор масалалар бўйича мурожаатлар деярли барҳам топган бўлса, ўнлаб соҳалар бўйича мурожаатлар кескин камайди.
Яна бир масала – фуқаролик олиш масаласида ҳам кўплаб аризалар келиб тушарди. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартиблари енгиллаштирилгани эса шу масалада мурожаат қилган 100 мингдан зиёд оилаларни рози қилиш имконини берди.
Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари иш бошлаганда, валюта конвертацияси бўйича жуда кўплаб шикоятлар келиб тушарди. Чунки узоқ вақт Ўзбекистонда валютанинг эркин конвертацияси бўлмагани аҳолига, айниқса, тадбиркорларга катта қийинчилик туғдирган. Бу борадаги мурожаатлар таҳлилидан сўнг давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар қанча оғир-мураккаб бўлмасин, валюта бозори либераллаштирилди. Конвертациянинг йўқлигига боғланган иқтисодиётнинг эски моделидан бутунлай воз кечилди. Натижада, валюта конвертацияси бўйича 2017 йилда 22 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда 124 тани, 2019 йили 156 тани, 2020 йилда 101 тани, 2021 йилда эса 33 тани ташкил қилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида “прописка” тизими тубдан ислоҳ қилинишини кўплаб юртдошларимиз кўп йиллар ниҳоятда интиқлик ва орзиқиш билан кутгани рост. Биргина шу тизимдаги ислоҳотлар ўз давлатимизда эмин-эркин ҳаракатланишимиз, яшаш ва ишлаш жойимизни ихтиёрий танлашимиз мумкинлиги баробарида, конституциявий ҳуқуқларимиз оғишмай таъминланишини ҳам кафолатлаб берди.
Аҳоли мурожаатлари асосида йўлга қўйилган яна бир механизм туфайли сўнгги беш йилда 11 минг 70 нафардан зиёд уй-жойсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бор шахслар, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари, оғир аҳволдаги хотин-қизлар имтиёзли кредит ёки доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида уй-жой ҳамда доимий иш билан таъминлангани инсон қадрини юксалтиришга қаратилаётган юксак эътибор, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами вакилларига кўрсатилаётган чексиз меҳр-ғамхўрликнинг олий намунасидир.
Президент виртуал қабулхонасида ҳар куни ҳар бир масала шу мурожаат эгасининг розилик-миннатдорлик хати асосида назоратдан ечилади. Шу маънода бугунга қадар қаноатлантирилган 3 миллион 288 мингдан ортиқ мурожаат замирида муаммоси ҳал бўлган шунча одамнинг ҳаётдан, давлатдан розилиги мужассамдир.
Албатта, ҳаёт шиддати, ўзгараётган давр талаби, давлатимиз раҳбари белгилаб берган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси халқ билан мулоқотнинг янги-янги уфқларини белгиламоқда. Мамлакатимиз тараққиётининг янги даври асосини ташкил қилаётган “Инсон – жамият – давлат” тамойили бугун Президент Халқ қабулхоналари фаолияти учун ҳам дастуриламалга айлангани ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага кириб бориш, ҳар бир инсон қалбига йўл топишга хизмат қилмоқда. Халқ қабулхоналари халқ овозини ифода этадиган жамоатчилик назоратинининг ўзагига, халқ назорати механизмига айланмоқда. Одамлар розилигини эса фақат ва фақат амалий ишлар билан қозониш мумкин.