Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддат ичида халқ манфаатига хизмат қиладиган улкан бунёдкорлик ислоҳотларини амалга оширди. Ислоҳотлар билан биргаликда аҳолининг дунёқараши, турмуш тарзи ўзгара бошлади. Сайёр ва оммавий қабуллар орқали барча турдаги раҳбарлар халқ билан янада яқинлашиб, мавжуд муаммоларнинг аниқ таҳлили вужудга келди.
2019 йилнинг 9 апрель куни Сариосиё тумани аҳолиси билан навбатдаги “Сайёр қабул” ўтказилди. Қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усманов , Президент Админстрацияси етакчи инспектори Шокир Атаджанов, Сурхондарё вилояти Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳаким Эшмуродов, Сариосиё туманининг 4 та сектор раҳбари, Сурхондарё вилоятидаги ташкилот ва корхона раҳбарлари куннинг биринчи ярмида Шарғун шаҳридаги “Феруз” маҳалласига ва куннинг иккинчи ярмида тоғли Сангардак маҳалласига ташриф буюришди.
Қабул жараёнида кўплаб фуқароларнинг мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. Анча йиллардан буён ногирон фарзанди билан ижарама-ижара юрган Халқобод маҳалласида яшовчи фуқаро Шомирзаева Ўғилойга ва 4 нафар боласи билан бировларнинг уйида кун кечириб, 2 нафар ногирон фарзандларини қийналиб боқаётган Биллур маҳалласида яшовчи фуқаро Авазова Заринага туманнинг Маъданкон маҳалласида бўш турган кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан ажратиб берилди ва уйлар фуқароларнинг номига туман ҳокими томонидан расмийлаштирилди.
Маъданкон маҳалласида яшовчи фуқаро, 2-гуруҳ ногирони Бегматова Шоҳсанам 2 нафар фарзанди билан уйсиз оғир вазиятда яшаётганлигини инобатга олиб, уни 2019 йилда уй-жойга муҳтож ногиронлиги бўлган фуқароларга бериладиган уй-жой олувчи фуқаролар рўйхатига киритилди.
Туманнинг Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи фуқаро Раҳматова Қулпинойнинг ва Дўстлик маҳаласи фуқароси Раҳмонова Зуҳранинг яшаб турган уйларини таъмирлаб бериш тўғрисидаги мурожаати юзасидан 1-4-сектор штаби томонидан таъмирлаб берилиш масъулияти олинди.
Сангардак маҳалласида яшовчи фуқаро Абдуназар Суюндиков имтиёзли кредит олиш учун анчадан бери ҳаракат қилиб юрганди. Қабулдаги мурожаатидан сўнг унга туман Агробанк томонидан 30 миллион сўм кредит ҳужжати расмийлаштириши учун 1-сектор томонидан тавсифнома берилди.
Шунингдек, Сангардак маҳалласида яшовчи фуқаролар 2-гуруҳ ногирони Дурбек Жалоловнинг , кам таъминланган фуқаро Замира Аннаеванинг моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати жойида қаноатлантирилиб, 4-сектор томонидан мурожаатчиларга бир қопдан ун, 5 килодан ўсимлик мойи берилди. Сайёр қабул давомида 54 нафар фуқарога Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан сайёр давлат хизмати кўрсатилди, 33 нафар фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатларига нисбатан мулк ҳуқуқини олишлари учун аризалари олинди, 3 нафар фуқаронинг жамғариб бориладиганпенсия тизимида ихтиёрий тартибда ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги аризаси, 6 нафар фуқаронинг фарзандини МТМга қабули бўйича аризаси ,3 нафар фуқаронинг жисмоний шахслар учун элекктрон рақамли имзо калитини олиш бўйича аризаси , 5 нафар фуқаронинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича аризаси ҳамда 4 нафар жисмоний шахслар учун ИНН(СТИР) маълумотнома олиш бўйича мурожатлари шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Сариосиё туманида бўлиб ўтган қабулда 375 нафар фуқаролардан жами 537 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 258 таси жойида қаноатлантирилиб, 47,5% самарадорликка эришилди. Қолган мурожаатларнинг барчаси назоратга олиниб, халқ манфаатига хизмат қиладиган натижага эришилади.