Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан жойларда сектор раҳбарлари, давлат идоралари вакиллари ҳамда мутасаддилар иштирокида йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларига ечим топиш ҳамда ўз жойида бартараф этиш мақсадида Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, 2019 йил 9 апрель куни Фарғона вилояти иккинчи сектори раҳбари иштирокида Бағдод туманида оммавий сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабул давомида 118 нафар фуқароларнинг мурожаати тингланди.
Мурожаатлар, асосан, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.
Масалан, “Кўкаламзор” қишлоғида яшовчи С.Абдуқодирова уйини таъмирлаш, “Самандарак” қишлоғида яшовчи Ж.Маматқулов ишга жойлашиш, “Дўстлик” махалласида яшовчи М.Ҳайдарова яшаш уйига кадастр ҳужжати расмийлаштириш, “Қашқар” қишлоғида яшовчи Т.Содиқов ногиронлик аравачаси олиш, “Хўжа” қишлоғида яшовчи А.Пўлатов кредит олиш, “Олчин” қишлоғида яшовчи Э.Алиев махаллага ичимлик суви тармоғи тортиш, ”Мирзаобод” қишлоғида яшовчи И.Усмонова даволанишга ёрдам сўраб мурожаат қилдилар.
Сайёр қабул давомида 89 нафар фуқароларнинг ёзма мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.
Хусусан, 10 нафардан ортиқ фуқароларнинг ишга жойлаштирилиши, 30 дан ортиқ фуқароларнинг коммунал хўжалик билан боғлиқ муаммолари, 3 нафар ногиронларга аравачалар берилиши, 3 нафардан ортиқ фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанишга ётқизилиши таъминланди.
- 74 ёшли қайнонам Т.Назарова касаллиги туфайли 6 йилдан буён бир жойда ётади. Сайёр қабул давомида қайнонамга аравача берилди,- дейди “Конизар” қишлоғида яшовчи Х.Халилова.
-Махалламиздаги стадионни давлат ҳисобига ўтказиш ва фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтиришда амалий ёрдам беришингизни сўрайман, - дея мурожаат қилди “Пахтаобод” қишлоғида яшовчи Т.Усмонов.
Фуқаронинг мурожаати тааллуқли идоралар вакиллари иштирокида ўрганилиб, чора-тадбир белгиланди.
Ечими маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.