Тармоқлар ва айрим ОАВда Украинада ўқиётган ўзбекистонлик талабалар қийин аҳволда қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда талабалар ертўлада қолаётгани ва биринчи зарур маҳсулотлар етишмаётгани ёзилган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ушбу хабарларга муносабат билдирди. Вазирлик Украинадаги элчихона ватандошларни олиб чиқиб кетиш бўйича зарур ишларни қилаётганини ва масалалар тезкорлик билан ҳал этилаётганини таъкидлади. Элчихонанинг масъул ходимлари Харьковда бўлиб тургани ва талабалар билан бевосита мулоқотда бўлиб, барча масалалар ҳал этилаётганини маълум қилди.
Таъкидланишича, дипломатик миссия вакиллари ўша ердаги диаспора билан ҳамкорликда Харьков ва Запорожьедаги талабаларга уч маҳал овқат бериб келмоқда. Шунингдек, Запорожье миллий университети раҳбарияти ҳам талабаларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Шу билан бирга, Украинанинг Херсон, Хмельницкий, Днепр ва Одесса шаҳарларида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга ҳам диаспора кўмак бераётгани маълум қилинди.
Вазирлик Украина шаҳарлари ўртасидаги автомобиль ва темир йўл алоқалари бутунлай фаолиятини тўхтатган бўлишига қарамай талабалар элчихона вакилларидан Чехия билан чегарадош Львов шаҳрига етказиб қўйишни сўраётганини таъкидлади. ТИВ ўз навбатида бунинг ҳозирда иложи йўқлигини маълум қилган. Шундан келиб чиқиб, вазирлик Украинада бўлиб турган ватандошлардан ваҳимага тушмасликни, ёлғон маълумотларни тарқатмаслик ва элчихонанинг хавфсизлик бўйича умумий кўрсатмаларига амал қилишларини қатъий тавсия этиб қолган. ТИВ Элчихона яқин кунларда Ўзбекистон фуқароларини Украинадан хавфсиз олиб чиқиш учун барча зарур чораларни кўраётганини алоҳида таъкидлади.