Интервью давомида Курманов Украинада қамоқхонадан чиқариб юборилганлар ҳақида гапирди. Унинг айтишича, қамоқдан чиққан ўзбеклар сони кўп эмас.
Улардан қамоққа тушганлари ҳам кимлар? Аслида қамоқдан чиққан ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Украинада уч ой тургач, чиқиб кетиши лозим бўлган, аммо чиқиб кетмай тартибни бузганлар ҳисобланади. Икки уч марта шунақа ҳолат юз бергач, қўлга тушганлар қамалиб қолган. Қолаверса, юртдошларимизнинг кўпчилиги фирибгарларга чув тушган. Қалбаки виза олиб, чегарада Европага чиқишда қўлга тушиб қолган. Улар босқинчи ёки ўғри эмас. Шунчаки тирикчилик илинжида алданиб қолган ва қамоққа тушиб қолган ўзбеклар.
Уларга ҳам вокзалга бориб ўтиришни маслаҳат беряпмиз. Аммо битта муаммо борки, қамоқдан чиққанларнинг ҳужжати йўқ. Ҳозир Украина ҳам, Польша ҳам қочқинларни ҳужжатсиз бўлса-да, чегарадан ўтказяпти. Менимча, Украина ҳудудидан охирги ўзбекистонлик чиқиб кетгунга қадар ҳам шу амалиётга риоя қилинади. Биз Польша чегарасига консулимизни жойлаштириб, ҳужжатсиз ўзбекистонликларга қайта ҳужжат тайёрлаб бериб, самолётда учиришни мақсад қилганмиз. Ва бу ҳолат Украинадан барча ўзбекистонликларни чиқариб олгунимизга қадар давом этади, – дейди элчи.