Шу йил 28 февраль куни Адлия вазирлиги “Ҳуқуқий ахборот” каналида Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Мурожаатда хорижий давлатлардаги ҳарбий ҳаракатлар ва можароларда иштирок этганлик учун ўзбекистонликларга жазо борлиги маълум қилинди. Ўзбекистон фуқаролари учун чет давлатлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш ва уларнинг ҳарбий хизматига ёлланиш тақиқлангани таъкидланди. Бундай ҳолат 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов аввалроқ Дарё нашрига интервью берган эди. Элчи интервью давомида ҳарбий ҳаракатларда ўзбекистонликлар иштирок этаётгани ҳақида маълумот келиб тушмаганини айтган эди. Курманов ўзбеклар Украинада асосан ишлаш ва ўқиш билан банд бўлишини таъкидлаган эди.