Дастлаб меҳмонни расмий кутиб олиш масроими бўлиб ўтди. Шундан сўнг икки мамлакат етакчиларининг тор доирадаги музокараси ташкил этилди. Ушбу музокара давомида икки давлат ўртасида 2021 йилда ўзаро савдо айланмаси қарийб 50 фоизга ўсгани таъкидланди. 2022 йил бошида эса 70 фоиз ўсиш кузатилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган 177 та корхона фаолият кўрсатаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, музокара жараёнида икки давлатнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан позицияси бир хил ёки ўхшаш экани тасдиқланди. Шавкат Мирзиёев Имрон Хонга Урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини совға қилди. Унда ўзбек ва урду тилларидаги 3 мингдан ортиқ бир хил маъноли сўзлар жамланган.
Шундан сўнг раҳбарлар музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, туризм, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Президенти яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион доллар, келгусида эса 1 миллиард долларга чиқариш имконияти борлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди.
Транспорт масаласи
Икки давлат раҳбарлари музокаралар давомида транспорт масаласини ҳам муҳокама қилди. Бунда энг аввало, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли Ўзбекистон ва Покистоннинг умумий келажаги экани таъкидланди.
Бу йўл битса, Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган, Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб чиқадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлакни яратамиз. Бу темир йўл минтақаларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборади, – дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.
Музокарада ушбу лойиҳани янада илгари суриш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, доимий авиақатновларни қайта тиклаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Зиёрат туризми
Музокаралар давомида яна бир муҳим йўналиш – туризм масаласида ҳам фикр алмашилди. Бунда энг биринчи навбатда, зиёрат туризмига алоҳида урғу берилди.
Покистонда нақшбандия тариқатининг миллионлаб вакиллари, улуғ алломаларимизнинг ихлосмандлари бор. Қадимий обида ва зиёратгоҳлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар мероси икки халқ учун ҳам қадрли.
Президентимиз зиёратларни тизимли ташкил этиш мақсадида қўшма гуруҳ тузиш, икки мамлакат Туризм вазирликларининг ваколатхоналарини очишни таклиф қилди.
Шундан сўнг Покистон пойтахтида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида, атроф-муҳитни асраш, зиёрат туризми, темир йўл соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар, Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси, Тошкент шаҳри билан Исломобод шаҳри ўртасида шартномалар каби 10 га яқин ҳужжат имзоланди.
Бундан ташқари, ташриф арафасида ўтган бизнес форумда 800 миллион долларлик қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.
Ушбу маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифининг биринчи куни якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.