Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Пировард мақсад – барча учун сифатли ва профессионал тиббиётни яратиш.
Куни кеча Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан 18 март куни аввал ўтказилган очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тиббиёт соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотда берилган топшириқлар ижросини апрель ойида ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафта алоҳида фармойиш имзоланиб, 7 та йўналишдаги 50 та тадбир ва уларнинг ҳар бири учун масъуллар белгиланганини таъкидлади.
“Халқимизга айтган ҳамма ташаббусларимиз бўйича қарорлар тез кунларда қабул қилинади. Лекин, амалий ижрони бир кун ҳам кечиктириб бўлмайди. Шунинг учун, бир ойлик амалий иш тизимига ўтамиз. Вазир, ихтисослашган марказ раҳбарлари ва ҳокимлар ўзларининг ойма-ой режасини ишлаб чиқиб, амалга оширади”, деди давлатимиз раҳбари. Апрель марказлар раҳбарлари учун чинакам синов ойи бўлиши, масаланинг моҳиятига кириб, ўз иш фаолиятини ўзгартирмаган раҳбарларга қатъий чоралар кўрилиши кўрсатиб ўтилди.
“Очиқ мулоқотдан кейинги ўзгаришларни нафақат тиббиёт ходимлари, балки ҳар бир хонадон сезиши шарт”, дея таъкидлади Президент.
Давлатимиз раҳбари бу борада қатор вазифаларни белгилаб берди.
Демак, ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур соҳада яна кўплаб ижобий ўзгаришлар юз беради ва бу йўналишни янги поғонага олиб чиқишга қаратилган ишларда партиямиз ҳам фаол иштирок этади. Зеро, ЎзЛиДеП дастурида “Инсон қадри учун” тамойили асосида ислоҳотларни изчил давом эттириш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш, соҳада давлат-хусусий шериклигини янада риовжлантириш устувор мақсадлар сирасидан ўрин олган.
Қайд этиш зарурки, ижро ва назоратнинг давлатимиз раҳбари белгилаб берган янги тизими биринчи навбатда туман даражасида ишлашни назарда тутади. Шундан келиб чиққан ҳолда, ЎзЛиДеПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси, маҳаллий кенгашлар депутатлари очиқ мулоқотда кўрилган масалалар юзасидан қабул қилинган етти йўналишдаги чора-тадбирлар ижроси боришини жойларда ўрганиб боради, назорат-таҳлил фаолиятини тизимли тарзда амалга оширади.
Хулоса тариқасида шуни таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадри учун” деган тамойилга қурилгани соғлиқни сақлаш тизимининг бугуни ва келажагида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Давлатимиз раҳбари аҳоли соғлиғига мамлакат қудрати ва салоҳиятининг асосий кўрсаткичи деб қарамоқда. Зеро, фақат соғлом аҳолига эга давлатгина кучли ва қудратли бўлади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари