Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташқи сиёсатининг барча соҳаларида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди, улар шарқий йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш ва Афғонистонда тинчликни ўрнатишга кўмаклашишга таъсир кўрсатди. Ўз навдатида, биз Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, жумладан самарали халқаро савдо йўлларини янада ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш, транзит йўналишларни ташкил қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш орқали стратегик вазифани амалга оширишни таъминлашга йўналганликни ажратиб кўрсатамиз. Шу тариқа, Ўзбекистоннинг савдо, транспорт ва энергия алоқалари орқали минтақамиз, Хитой ва Жанубий Осиё ўртасидаги муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги амалий қадамларини кўрамиз.
Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари қадимдан савдо ва маданий-цивилизация жиҳатидан чамбарчас боғлиқ бўлган ва кўп бора умумий сиёсий, иқтисодий ва гуманитар маконлар доирасида жойлашган.
Марказий Осиёнинг мустақил давлатлари эришган ютуқлар савдо-иқтисодий муносабатларнинг юксак салоҳиятидан тўла фойдаланиш масаласида Афғонистондаги беқарор вазият туфайли чекланиб қолган Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган аввалги манфаатдорликни тиклашга хизмат қилди.
Ўзбекистон Осиё йўналишида Хитой, Жанубий Корея, Япония ва бошқа мамлакатлар қаторида, Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Мальдива, Непал, Покистон ва Шри-Ланкани ўз ичига олган Жанубий Осиёга алоҳида эътиборини қаратмоқда. Айни дамда, Жанубий Осиё майдонни эгаллайди 5 млн. км² ( бу бутун Осиёнинг 10 фоизи ва дунёдаги бутун қуруқликнинг 3 фоизи), бироқ унинг аҳолиси Осиё аҳолисининг 40 фоизи ва дунё аҳолисисининг 22 фоизини ташкил этади. Ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Ҳиндистон ва Покистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. Марказий Осиё давлатларининг Жанубий Осиё мамлакатлари билан жами товар айирбошлаш ҳажми 44, млрд долларини ташкил этади, унинг қарийб учдан бир қисмини Ўзбекистон эгаллайди. Сўнгги йилларда географик яқинлиги ҳамда Афғонистон ички бозорининг озиқ-овқат, саноат маҳсулотлари ва энергия импортига бўлган катта боғлиқлиги туфайли Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик тикланди.
Ҳиндистон Ўзбекистон ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга экспорти асосан, тўқимачилик маҳсулотлари (13,6%), асосий металлар (8,4%), озиқ-овқат маҳсулотлари (5,8%) ва бошқа товарларни ўз ичига олади. Ҳиндистондан мамлакатимизга фармацевтика маҳсулотлари (47%), механика ускуналари (28,6%) ва бошқа маҳсулотлар импорт қилинади.
Ўзбекистоннинг Покистонга экспортида озиқ-овқат маҳсулотлари 81%ни, тўқимачилик маҳсулотлари – 10,5% ни, хизматлар – 3,5% ни ташкил этади. Покистоннинг юртимизга импорти таркибида фармацевтика маҳсулотлари 37%, озиқ-овқат маҳсулотлари (картошка, цитрус мевалар, гуруч ва б.ш.) – 36%, транспорт хизматлари – 10%, кимё маҳсулотлари – 4,5% ни эгаллайди.
Ўзбекистон Афғонистонда ОТБ кредитлари ҳисобига узунлиги 260 км ва қиймати 150 млн долларга тенг “Сурхон-Пури-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш” лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Мазкур электр узатиш линияси Афғонистон энергия тизимини Ўзбекистон ва Марказий Осиё ягона энергия тизимига улаш имконини беради. Шунингдек, “Ҳайратон-Мозори Шариф” темир йўл линиясининг давомига айланган ҳамда янги трансафғон транспорт йўлагини шакллантирадиган “Мозори-Шариф-Ҳирот” темир йўлини молиялаштириш, лойиҳалаш ва қуриш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам ҳамкорлик ишлари давом этмоқда.
Умуман олганда, бизнингча, ташқи сиёсатимизда кўплаб Осиё вектори йўналишларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш шулар жумласидандир, бу эса, инвестициялар, товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, транспорт коммуникациялари ва энергетика инфратузилмасининг ривожланган тизимини шакллантириш учун амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади.
Бу шунингдек, Осиё минтақасида замонавий ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини ташкил этишга ҳам тегишли. Масалан, трансафғон темир йўл йўлагининг қурилиши келажакда Марказий Осиё мамлакатларини Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа етакчи давлатлари билан бирлаштириши мумкин, бу “Бир камар, бир йўл” ташаббусининг мақсадларига тўла мос келади.
Шунингдек, “яшил” ривожланишни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган биргаликдаги ишларни ҳам алоҳида кўрсатиш мумкин. Глобал иқлим ўзгариши жараёнида барча Осиё мамлакатларидаги жадал саноат ва демографик ўсиш шароитида сув танқислиги, ҳаво ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши, тупроқлар деградацияси ва чўлланиш умумий муаммолардан саналади. Тобора жиддий тус олиб бораётган Орол денгизининг қуриш муаммоси энг салбий экологик таҳдидларга мисол бўла олади.
Минтақамиз улкан сайёҳлик салоҳиятига эга бўлиб, бу халқларимизнинг тарихий ва маданий меросини оммалаштиришга қаратилган зиёрат туризмига ортиб бораётган қизиқишни ҳисобга олган ҳолда, таниқли сайёҳлик брендлари, янги маҳсулотлар ва йўналишларни шакллантириш бўйича ҳамкорликда ишлаш зарурлигини кўрсатади.
Халқ дипломатиясини ривожлантириш ҳам катта аҳамият касб этади. Спорт улар орасида алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган XXIV-қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Ушбу тадбир хорижий давлатлар етакчилари, расмий делегациялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Пекиндаги “Қуш уяси” миллий стадионида бўлиб ўтди.
Маросим бадиий дастури Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган «Инсоният умумий тақдири ҳамжамияти» концепциясини ўзида мужассам этган бўлиб, бу бизнингча, дунё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келгуси ҳаракатларнинг муҳим, деган чуқур мазмунига эга. Қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими Осиёнинг Хитойдек мамлакатининг технологик қудратини намойиш этганини алоҳида таъкидлаймиз. У Хитой халқининг қадимий тарихи ва бой маданияти, жаҳон иқтисодиёти пешқадами сифатида эришаётган улкан муваффақият ва ютуқлари, халқаро олимпия ҳаракатининг руҳи ва қадриятларини акс эттирди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу маросимда шахсан иштирок этиши яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат принципларига асосланган давлатлараро муносабатларнинг бугунги даражасини кўрсатади. Хусусан, ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражага етган. Ўзбекистон иқтисодиётидаги Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 9 миллиард долларни ташкил этди. Хитойнинг етакчи компания ва банклари иштирокида саноат, кимё тармоғи, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа устувор йўналишларда юқори технологияли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Шавкат Мирзиёев Пекиндаги ташрифи доирасида Хитой халқ республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Ўз навбатида, мазкур ташриф доирасида имзоланган ва “Яшил” иқтисодиёт, сунъий интеллект, рақамлаштириш ва электрон савдо соҳаларидаги ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган беш йиллик Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурини кенг кўламда амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаймиз. Бизнингча, бу Ўзбекистонда эркин тадбикорликни таъминлашни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимиз ишбилармон доиралари “Ипак йўли” жамғармаси билан узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича амалий шерикликнинг стратегик лойиҳаларини илгари суришга қаратилган янги “йўл харитаси” шакллантирилаётгани, молиявий-техник кўмак дастури кенгайтирилаётганидан мамнун. Айни дамда, депутатлар мутаносиб товар айирбошлашга эришиш, самарали ҳудудлараро алмашинувларни қайта тиклаш ва самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича биргаликда чора-тадбирларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлашади. Бу камбағалликка ва коррупцияга қарши курашиш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувларга ҳам тегишли. Қолаверса, маълумки, бу тажриба ўзининг муваффақияти ва самарадорлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрига ташрифнинг иккинчи кунида Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашди. Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Покистон Бош вазири ўтган йил июль ойида Ўзбекистонга уюштирган келишувларни амалга оширишнинг аниқ натижалари кўринмоқда. Жумладан, ўтган йил якунида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар ортди, бир йилда 40 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фармацевтика препаратлари, кимёвий товарлар ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Саноат, таълим ва кино соҳаларида қатор муҳим лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ва бу жараён давом этмоқда.
Учрашувда ишбилармонларнинг қўшма ташаббуслари ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, банк-молия соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Термиз – Мозори Шариф – Кобул - Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш борасидаги амалий ишларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.
Фурсатдан фойдаланиб, Хитой раҳбарияти ва халқини замонавий Хитойнинг улкан муваффақият ва ютуқларини намойиш этган Олимпия ўйинларининг тантанали очилиши билан самимий табриклайман.
Актам Хаитов
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.