Вазифалар — залворли, ижро иштиёқи — баланд

Вазифалар — залворли, ижро иштиёқи — баланд
Бугунги кунда мамлакатимизда деярли ҳар бир хонадонда биттадан машина бор. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Лекин республикамиз йўлларида транспорт воситаларининг кўпайгани, ўзига хос масалаларнинг ечимини талаб этмоқда. Хусусан, бу борада тўпланиб қолган бир қатор муаммо ва камчиликлар борки, бундан кўз юмиб бўлмайди.

Кейинги йилларда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларимизга олиб борадиган йўллар қайта таъмирланиб, транспорт воситалари равон ҳаракатланиши учун зарур қулайликлар яратилди. Юртдошларимизнинг манзилларига соғ-саломат етиб боришлари учун йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари томонидан қатор тизимли чора-тадбирлар кўрилди. Аммо шунга қарамай, йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи издан чиқиб кетган.

Ачинарли томони, кейинги йилларда автомобиль бошқарувига ўтирган ҳайдовчилар ҳушёрликни унутиб қўйишлари натижасида йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб кетмоқда. Ҳар куни ёки кунора мамлакатимизнинг қайсидир ҳудудида даҳшатли автоҳалокат бўлибди, деган нохуш хабарларни эшитиб қоламиз. Бу эса кимнингдир бахтли ҳаётига якун ясаши, жисмонан ногиронликка олиб келиши мумкин.

Эътибор беринг, биргина 2021 йилнинг ўзида мамлакатимизда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган бўлса, 2 минг 500 га яқин одам ҳалок бўлган. Йўллардаги фалокатларнинг 25 фоизи йўл ҳолати ёмонлиги ва инфратузилмаси оқилона ташкил этилмагани оқибатида келиб чиқмоқда. Салбий рақамлар кун сайин эмас, соат сайин ошаётгани кишини ўйлантиради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўлаётган ҳудудлар кўрсатиб ўтилиб, мутасаддиларига интизомий жазо чоралари белгиланди.

Ушбу масалага давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу масалани охирги беш йилда бирор раҳбар, бирорта ташкилот жиддий ва таҳлилий муҳокама қилмаган. Шу билан бирга, вазият очиқ-ошкора таҳлил қилиниб, кўламдор ва оқилона ечимлар ишлаб чиқилмаган эди.

Давлатимиз раҳбарининг бу йўналишдаги ишларни ҳам қатъий назоратга олаётгани, аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқаётгани “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ва “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойиллар амалга изчил татбиқ қилинаётганини яна бир бор намоён қиляпти.

Йиғилишда транспорт ҳодисаларининг кўпига ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларини қасддан менсимаслиги ва тажрибасизлиги, пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги ҳам сабаб бўлаётгани айтилар экан, жорий йилда барча ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури амалга оширилиши таъкидланди.

Шунингдек, йўл белгиларини ишлаб чиқаришда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилинади ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилинади. Йиғилишда йўл ҳаракати қоидалари эскирганини, уларни халқаро стандартлар асосида, мутахассислар ва ҳайдовчилар фикрини ўрганган ҳолда янгилаш бўйича топшириқ берилди. Жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида, бундан буён ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши белгиланди.

Ушбу масала бугун кўпчилигимизни ўйлантириб, қийнаб келаётган долзарб муаммолардан бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Чунки юртимизда автотранспорт воситалари йилдан-йилга кўпайиб, ҳайдовчиларнинг малака даражаси ва ўзаро ҳурмати, аксинча, пасайиб бормоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 75 фоизини 35 ёшгача бўлган ҳайдовчилар содир этган. Автомактабларда ўқитилаётган китоблар ғализ, ўқув дастури эскича.

Йиғилишда ушбу муаммолар очиқ-ойдин таҳлил қилинар экан, бундай мактабларда таълим сифатини назорат қилиш вазифаси Ички ишлар вазирлигига юклатилди. Автомактаблар ва имтиҳон марказларига бўлган талабларни қайта кўриб чиқиш, ҳайдовчиликка ўқитиш самарадорлиги ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар ва амалий чора-тадбирлар белгиланди.

Кўчалардаги ҳаракатни ҳайдовчи ва пиёдалар учун қулай ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилиб, йўлларда тартиб-қоидалар илм билан ҳамоҳанг бўлиши кераклиги айтилди. Бу борада йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини оқилона белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Кўп ҳолларда фуқароларимиз йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун тайинланган жарималарга эътирозлар билдиради. Уларнинг баландлиги, буни тўлаш учун аҳолининг қурби етмаслигини айтишади. Лекин баъзида ҳайдовчиларнинг ҳушёрликни унутиб, йўл қоидаларига амал қилмаслиги йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига олиб келаётгани ҳақида нега ҳеч ким гапирмайди. Агар барчамиз бирдек қонунларга, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларига амал қилсак, ортиқча жарима тўлашга ҳожат ҳам қолмайдику.

Қонунчилик палатаси ва мутасадди идораларга йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилдики, парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси бу масалага сидқидилдан ёндашади. Зеро, тилга олинган масалаларни тўла ҳал қилиш учун, аввало, ҳуқуқий асослар мукаммал бўлмоғи лозим.

Бир сўз билан айтганда, ҳар битта йўл-транспорт ҳодисаси ортида бир эмас, ўнлаб инсонлар тақдири ётади. Бу эса йўл-транспорт қоидалари бузилишининг олдини олиш, содир этилаётган ҳодисаларнинг оқибатларига, уларнинг юзага келмаслиги учун эътиборни кучайтиришни тақозо этади. Буни фақат ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг қонунга итоаткорлик ва ўзаро ҳурмат маданиятини ошириш, фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишларига эришиш орқалигина ҳал этиш мумкин. Зотан, йўл-транспорт ҳодисалари олди олиниши ҳайдовчи ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши билан боғлиқ.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Вазифалар — залворли, ижро иштиёқи — баланд