Давлат раҳбари шакар нархи асоссиз ошганини таъкидлади. Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мавжуд захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли, шакар нархи кескин ошгани қайд этилди.
Савол туғилади. Ушбу ҳудудларнинг ҳокимлари ва прокурорлари қаёққа қараган?, деди Президент.
Президент шундан келиб чиқиб барча ҳокимларга ҳар куни ҳудудидаги озиқ-овқат, айниқса ун, шакар ва ёғнинг нархини жойларда юриб ўрганиш ва барқарорликни таъминлаш учун тезкор тадбирларни кўриш бўйича топшириқ берди.
Айниқса кириб келаётган Рамазон ойида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб, нахрларни арзонлаштириш бу улуғ айём кунларида катта савоб эканлигини барча тадбиркорларга тушунтиришлари кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Республикага четдан буғдой, ўсимлик ёғи ва шакарни олиб келиш бўйича барча масалалар ҳал қилиб берилгани, энди буни ақл билан самарали ташкил этиш кераклиги таъкидланди.