Мамлакат, миллат таълимсиз, илм-фансиз яшай олмайди...

Мамлакат, миллат таълимсиз, илм-фансиз яшай олмайди...
Сенатор минбари


Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

-Мамлакат, миллат таълимсиз, илм-фансиз яшай олмайди. Тарихга назар ташласак ҳам илм-фан ривожланганда давлат барқарорлашган. Бой бўлган. Халқ яхши, тўкин яшаган. Афсуски акси ҳам бўлган. Илму маърифат ўрнини жаҳолат эгаллаган даврлар ҳам бўлган. Бунинг натижасида миллий давлатчилигимиз ҳам таназзулга юз тутган...

Бир пайтлар бутун республика бўйича фақатгина иккита университет мавжуд эди. Бири ТошДУ – бугунги Ўзбекистон Миллий университети, иккинчиси СамДУ – ҳозирги Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети. Қолган олий таълим муассасалари, асосан, педагогика ва бошқа институтлардан иборат бўлган. 2016 йилдан бошлаб, олий ўқув юртлар сони бирга-бир ошганини кўрамиз. Университетлар тўғрисида гапирганда биргина Самарқандда 3 та университет пайдо бўлди.

Тажрибадан маълумки, институтлар нисбатан тор мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган бўлиб, маълум бир соҳа ёки йўналишни ўз ичига олади. Университетларнинг йўриғи бошқа. Беҳудага университетни уммонга қиёсламайдилар. Ҳар уччала институт негизида ташкил қилинган – Самарқанд давлат тиббиёт, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетлари бугун мамлакатимиз тараққиёти учун сув билан ҳаводек зарур.

Самарқанд давлат тиббиёт институтига университет мақомини бериш жуда тўғри ва ўринлидир. Бунинг биринчи боиси, мазкур даргоҳ Марказий Осиёда ташкил қилинган биринчи тиббиёт олий таълим муассасаси ҳисобланади. Ўз-ўзидан ундан кейин ташкил қилинган институт, академия, университет бўладими, ҳаммаси, аввало, Самарқанд давлат тиббиёт университети негизида пайдо бўлганлигини унутмаслигимиз зарур. Бу тарихий адолатни тиклаш йўлида ташланган ўта муҳим қадамдир.

Самарқанд давлат тиббиёт университети ташкил этилгандан то бугунгача мамлакатимиз тиббиётининг улуғ намояндаларини, забардаст дарғаларини етиштириб берганлиги билан ҳам эътибор ва эътирофга лойиқ. Ўзбекистон Республикаси фан арбоблари, академиклар Ўктам Орипов, Ислом Зокиров, профессорлар Николай Мирзоян, Ўктам Ваҳобова, Акрам Мўминов, Субҳонқул Орипов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Нурмамат Абдуллаев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач Нуриддин Камолов, Ўзбекистон Қаҳрамони Раҳмон Мухаммадиев, академик Раҳим Ҳайитов... Улар айнан бугунги Самарқанд давлат тиббиёт университетини тугатиб, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган. Тиббиёт фанида мактаб яратган улуғ сиймолар эди. Фақат бугина эмас, соғлиқни сақлаш соҳасини ташкил этиш ва оёққа турғизишда ҳам Самарқанд давлат тиббиёт университетининг муҳим ўрни бор.

Самарқанд давлат тиббиёт университети таркибида институтлар очилиши, клиникалар фаолияти янада кенгайтирилиши, моддий-техника базаси мустаҳкамланиши, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини янада ошириш юзасидан чора-тадбирларнинг белгиланиши келгусида Самарқанд Ўзбекистон тиббиётининг марказларидан бирига айланишини кўрсатади.

Яқин тарихимизда бир қатор соҳалар қатори ветеренария ҳам инқирозга юз тутганди. Чорвачилик таназзулга учраб, нафақат чорвачилик учун, балки инсон саломатлиги учун ҳам ўта муҳим бўлган ветеренария фани ҳам эътибордан четда қолгани бор гап. Дастлаб, Самарқанд ветеренария медицинаси институти, унинг негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг ташкил қилиниши соҳа ривожига астойдил киришилганлигини кўрсатади. Бизга маълумки, ҳар қандай йўналишни тараққий эттириш учун, аввало, кадрлар билими муҳим аҳамиятга эга. Бу борада зарур қадам ташланди. Эндиги гап уни ижро этишда.

Ўзбекистонда геология фани бир пайтлар жуда машҳур бўлган. ЎзРФА президенти Ҳабиб Абдуллаев, академик Иброҳим Ҳамробоевларни бутун дунё билган, таниган. Уларнинг илмий ишлари халқаро миқёсда эътироф этилган, тан олинган. Минг афсуски, кейинги йилларда мамлакат иқтисодиёти учун энг муҳим соҳалардан бири бўлган кончилик йўналиши ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди.

Бунинг натижасида мазкур соҳада янгиланишлар, юксалишлар деярли кўзга ташланмади. Фақат мавжуд конлардан фойдаланиб, янгиларини ўзлаштиришга, очишга етарлича эътибор қаратилмади. Мазкур соҳа бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам аҳамият берилмади. Бир қатор олий ўқув юртлари таркибидаги геология факультетлари турли сабаблар билан ёпиб юборилди. Менделеев жадвалидаги барча элементлар мавжуд бўлган мамлакатимизда кончилик истиқболлари кўзга ташланмасди. Президентимиз ташаббуси билан 2020 йилда Тошкент Геология фанлари университетининг ташкил этилиши, Навоий давлат кончилик институти негизида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг барпо этилиши мазкур соҳада кескин бурилиш ясалганлигини кўрсатади.

Президентимизнинг узоқни кўра олиши натижасида ташкил этилган ҳар уччала университетда бундан кейин илмий салоҳият янада ошади. Университет мақомини берилишидан кўзланган мақсад ҳам, аслида, мана шудир. Университетлар фақатгина мутахассис тайёрлаб қолмасдан, балки илмий мактаблар яратилиши, халқаро миқёсда эътироф этиладиган олимлар корпусига эга бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир. Дастлаб, фан ривожланиши чуқур тадқиқ этилиши керак. Шундан сўнг, юксалган илм-фан сифатли кадрлар етиштиришни омилига айланади. 2021 йилда Самарқанд давлат университетига ташриф буюрган Нобель мукофотининг лауреати Азиз Санжар дастлабки билимларни ўзи таълим олган Истанбул университетида олганлигини, мазкур даргоҳда ўқиганлигидан фахрланишини таъкидлади. Азиз Санжар шунга жавобан ҳар йили камида бир марта Истанбул университетида бўлишини айтиб ўтди.

Университет мақоми энг олий мақом. Бу эътирофни ўзига яраша масъулият ва талаблари бор. Университет номига лойиқ бўлиш учун жуда кўп машаққат чекишга тўғри келади. Лекин бу меҳнатлар бир кун келиб, ўзининг мўл-кўл меваларини беради.

Самарқанд давлат университети 600 йиллик тарихга эга. Университет мақомида фаолият кўрсатганига ҳам бир асрга яқин вақт бўлди. СамДУ маъмурияти янгидан ташкил этилган университетларга ҳар томонлама ёрдам беради. Бу тажриба алмашиш, илмий-услубий кўмак, халқаро алоқаларда ҳамкорлик бўладими, барчасига тайёрмиз.

Илм-фан ва таълим ривожланмасдан бирор-бир соҳа тараққий этмаслигини ҳаётнинг ўзи бизга яққол кўрсатиб берди. Мустабид тузум даврида эмас, энг аламлиси, мустақиллик йилларида илмий текшириш институтлари, олий таълим муассасалари тугатилди, қисқартирилди. Олимлар ишсиз қолдирилди. Натижада нима бўлди? Илм-фан юксалиши уёқда турсин, бир қатор фанлардан мактабларимизда ўқитувчилар, соғлиқни сақлаш тизимида врачлар етишмайдиган даражага тушиб қолдик.

Агар 2016 йилда Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни бошламаганида, моддий-техник базани яхшиламаганда, тиббиёт институтларига қабул квоталарини оширмаганида, четга чиқиб кетган тиббиёт ходимларини мамлакатимизга қайтармаганида, 2020 йилдаги пандемия даврида жуда оғир аҳволда қолишимиз тайин эди.

Чорак аср давомида дунё илм-фанига етказиб берган улуғ олимларимиз билан мақтанишни энг юқори чўққисига олиб чиқдик. Лекин шундай буюк алломалар ватанида илм-маърифат ва таълим таназзулга юз тутганини кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олдик.

Мен Президентимиз Шавкат Мирзиёевни миллат ва мамлакат халоскори деб биламан. Чунки илм-маърифатсиз қолган халқ чин маънода мустақил бўлолмайди. Ўзбекистон илм-фани 2016 йилда қайтадан туғилди, қаддини тиклай бошлади. Шундай замонлар бўлдики, профессор оддий касб эгаларидан-да кам маош олди. Муаллим билан шифокор пахта даласига ҳайдалди. Олий таълим муассасаларига қабул квоталари йилдан-йилга қисқартирилди. Бу эса илм-фан ва таълимни ич-ичидан емириш билан баробар эди.

Бугунги Ўзбекистон ёшлари жуда бахтли. Ҳеч қачон, ҳеч қайси замонда ўқишга, илм-олишга, олим бўлишга бунчалик имконият берилмаган. Минг афсуски, ойлиги паст профессор-ўқитувчи таъмагирликни касб қилганидек, муаллим ва шифокор мажбурий меҳнатдан безиб, ўз ишини ташлаб кетгандай, ёшларимиз ҳам бугун яратилаётган шарт-шароитларни тўлақонли англаб етмаяптилар, деб ўйлайман. Лекин бу вақтинча.

Ўзбекистон 2022-2027 йилларда нафақат Марказий Осиёни, балки бутун дунёни илм-фан энг ривожланган мамлакатларидан бирига айланишига ишонаман. Бу ишонч бугунги бўлаётган олий таълим ва илм-фан ислоҳотларида яққол намоён бўлмоқда.

Бугун эртанинг қандай бўлишини белгилаб беради. Ўзбекистон раҳбарининг асосий эътибори халқимизга яхшилик қилиш, розилигини олишга қаратилган. Халқ қачон рози бўлади?

Илм-фан ривожланса, бунинг оқибатида мамлакат тараққий этса. Ишлаб чиқариш кенгайса, иш ўринлари яратилса, давлат иқтисоди йилдан-йилга кўтарилса. Такрор бўлса-да айтмоқчиман, халқимиз бир ҳақиқатни чуқур англаб етиши керак. Бу борада Президентимизга ҳамоҳанг бўлишимиз зарур. Нима демоқчиман? Илм-маърифатли авлодни етиштиришда, сўзсиз, давлатнинг ўрни беқиёс. Буни инкор этиб бўлмайди. Лекин фарзандлари илм ўрганиши учун ота-оналар ҳам астойдил ҳаракат қилиши керак. Шунда биз ўзимиз орзу қилганимиздек, хоҳлаганимиздек, яшаймиз. Илмли ёшлар мамлакатни ҳаракатга келтирувчи кучга, қудратга эга бўлади.

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Мамлакат, миллат таълимсиз, илм-фансиз яшай олмайди...