Ҳаёт йўлида биринчи масала мактаб масаласидир...

Ҳаёт йўлида биринчи масала мактаб масаласидир...
Сенатор минбари


Рустам ХОЛМУРОДОВ Самарқанд давлат университети ректори профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

-Мактаб муқаддас даргоҳ. Мактабнинг ривожланиши, юксалиши, тараққий этиши муҳим ва заруратдир. Буни англаб етганлар аллақачонлар мактаб таълимига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасида мактаблар миллатга таълим-тарбия бермоқда. Тафаккурини тиниқлаштирмоқда.

Таълим мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим бўладими, тизим бир бутунликда инсон капиталини яратиш ва ривожлантиришнинг бош омили ҳисобланади.

XXI асрга келиб, дунёда инсон капитали масаласи кун тартибига чиқди ва мустаҳкам ўрин эгаллади. Мамлакатлар рейтингини белгилашда асосий талаблардан бири ҳам инсон капиталидир.

Ўзбекистонда бу борада жуда муҳим қадамлар ташланди. Биринчидан, мактабгача таълим тизими янгидан ташкил этилди. Иккинчидан, халқ таълими соҳасида 11 йиллик мактаб таълими тикланди. Самарасиз касб-ҳунар коллежлари ёпилди. Мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари мажбурий меҳнатдан озод қилинди. Муаллимнинг маоши бир неча баробар оширилди. Мактаблар моддий-техник базаси янгиланди. Учинчидан, олий ўқув юртларига қабул квоталари йилдан-йилга оширилди. Профессор-ўқитувчиларнинг иқтисодий аҳволи тубдан яхшиланди. Талаба ва домлалар ҳам пахта, турли хил ҳашарлардан халос бўлди. Ёшларни олий маълумот олиш имкониятлари кенгайди. Халқаро нуфузга эга бўлган олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилди.

Лекин мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган таълим ислоҳотларига мутасаддилар қандай жавоб қайтармоқда? Маоши кўтарилган муаллим, домла ўз дунёқарашини ўзгартирдими? Таълим сифатини яхшилаш учун жон куйдиряптими? Синфхонада, аудиторияда мамлакатнинг эртанги куни, келажаги борлигини англаб етяптими? Ўзбекистон чорак аср давомида, айниқса, таълим соҳасида жуда ортда қолганлигини, жаҳон таълим стандартларидан узоқлашиб кетганлигини биладими? Саволлар кўп, жўяли жавоб йўқ. Ҳукумат ўқитувчи ва олимлар олдидаги ўз мажбуриятини бажарди. Лекин улар-чи? Халқимиз ишончини оқлаш йўлида қандай иш олиб бормоқда. Фаолиятимиздан ўзимизнинг кўнглимиз тўляптими?

Президентимиз таъкидлаганидек: “Агар раҳбарлар, муаллимлар, янги Ўзбекистонга муносиб ҳаракат қилса, фарзандларимизни давр талабига мос ўқитишимиз мумкин. Халқимиз бизга энг катта бойлигини – зурриёдини ишониб беряпти. Бу жуда катта масъулият. Шуни ҳис қилиб, ўзимизни қийнаб, мактабни ислоҳ қилсак, келажакка замин яратамиз”.

Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу талаби жуда ўринли ва ўз вақтида қўйилмоқда. Фарзандаларимизнинг умрини беҳуда ўтказаётган, дарс - муқаддас тамойилига амал қилмайдиган, оладиган маошини оқламайдиган инсофсиз ўқитувчилар ҳам бор. Нафақат бор, масаланинг энг аянчли томони улар кўпчиликни ташкил қилаётганлиги.

Бир пайтлар ўқитувчилар малакасини ошириш институтлари минтақадаги университет ва институтларга қўшилганда, ўзим бунга гувоҳ бўлганман. Вилоят миқёсида малака оширишга келган муаллимлардан мактаб дастури бўйича ёзма иш олинганида уларнинг асосий қисми ўзи дарс ўтаётган фанни яхши билмаслигини, ўзи ўқишга, билим олишга муҳтож эканлигини кўрганман. Бу, аслида, бизга огоҳлик қўнғироғи эди. Мактабни энг олий даражада жиҳозладик, ўқитувчига катта маош белгиладик. Лекин таълим бериш сифати яхшиланмас экан, аҳволимиз ўзгармайди.

Тўғриси, баҳоналаримиз кўп эди: 3 ой пахтада бўламиз, турли мажбурий меҳнатларга жалб этиламиз, ойлигимиз оз, чироқ йўқ...

Қайсидир маънода, мана шу салбий ҳолатлар йиллар давомида муаллимни хатосини беркитишга, ўзини оқлашига хизмат қилиб келди. Бугун-чи? Бугун нима деб ўзимизни оқлаймиз? Мактабга, университетга ўқиш, билим олиш учун келган фарзандларимизни вақтини, умрини ўғирлаётганимизни биламизми? Ватанга хиёнат қиляпмиз-ку? Айни илм олиш ёшидаги болалар, уларга умид кўзини тикиб ўтирган ота-оналар олдида гуноҳимиз жуда катта. Виждонимиз қийналмайдими?

Қисқаси, мактаб ҳам, муаллим ҳам ўзгаришга, янгиланишга, уйғонишга мажбур. Бундан бошқача бўлмайди. Бу ўринда, нафақат мактаб, балки олий таълим муассасаси ҳам ўз иш услубини, таълим-тарбия беришни бутунлай замонавийлаштириши керак. Биз таълимни куч-қудратини, мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етганимиз йўқ. Биргина корейс ва япон халқининг тақдирини таълим қанчалар ўзгартириб юборганлигига аҳамият бермаймиз. Ҳар иккала мамлакат ҳам урушдан бутунлай вайрон ҳолатда, иқтисодий оғир аҳволда чиққан эди. Улар, дастлаб, ишни таълим ислоҳотидан бошлади. Виждонли, фидойи, миллатпарвар, ватанпарвар муаллим миллатни таназзулдан олиб чиқди. Жаҳон тарихидан бундай мисолларни кўплаб келтирса бўлади.

Лекин бизнинг муаллим ва домлаларимизда масъулият, жонкуярлик, инсоф тушунчалари етарли даражада эмас, деб ўйлайман. Бу соҳа одамлари учун ҳаммаси муҳайё қилиняпти. Натижага келганда эса кўнгил тўлмайди. Кўпчилик ота-оналаримиз учун мактаб бу болаларини маълум бир вақтга олиб ўтирадиган жой ҳисобланади. Одатда, ота-оналар фарзандларини билим ва қобилиятларини текширмайди. Ўтган дарслар бўйича савол-жавоб қилмайди. Боласининг билими билан иши бўлмайди. Бунинг натижасида талаб ва таклиф йўқ жойда интилиш ҳам бўлмайди. Муаллим ҳам бамайлихотир вақтни ўтказади. Буларнинг ҳаммаси йиғилиб, халқнинг саводхонлик даражаси пасайишига, билимсизлик, фикрсизлик ортишига олиб келади. Агар мактабда муаллим, университетда домла ўз ишига виждодан ёндашганда эди, ҳаётимиз бутунлай бошқача бўларди.

Инсон тафаккури дунёқараши, билим ва қобилияти жуда муҳим эканлигини англаб етмас эканмиз, аҳволимиз ўнгланмайди. Илм-фан ва сифатли таълимсиз тараққиёт ҳам, ривожланиш ҳам бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бутунлай замонавий, комил мактаб концепсияси тарафдори. Мамлакатимиз раҳбари Самарқандда фаолият кўрсатганда ҳам муаллимга, шифокорга, домлага алоҳида ҳурмат ва ғамхўрлик қилганлигига гувоҳ бўлганман. У кишининг ёнида ҳар доим тажрибали педагоглар Ҳасан Нормуродов, Иброҳим Раупов, Олия Ўроқова, Юлдуз Ҳамроева, тиббиётимизнинг фидойи дарғалари Ўктам Ваҳобова, Шодиёр Бегимқуловлар бўларди. Улар билан маслаҳатлашиб, фикрлашиб, кейин хулосага келинарди. Тасаввур қилиб кўринг, ўша пайтларда вилоятнинг иқтисодий аҳволи жуда ночор бўлган бир пайтда, ҳеч қандай давлат дастури қабул қилинмаган маблағ ажратилмаган вазиятда Самарқанд вилояти мактаблари тўлиқ таъмирдан чиқарилган эди. Илк компьютерлар мактабларга компьютерлари биринчи марта ўша йилларда тарқатилганди. Президентимиз қайси туман, ёки қишлоққа бормасин, албатта, мактабга, шифохонага кирарди. Тиббиёт муассасаларига ҳам турли асбоб-ускуналар, тез ёрдам машиналари тарқатилганлигига шахсан гувоҳ бўлганман.

Замонавий мактабда, энг аввало, ўқитиш методикаси янгиланиши керак. Халқаро таълим услублари жорий этилиши зарур. Тан олиб айтишимиз керакки, бугунги кунгача эскирган йўллар билан дарс ўтиб келдик. Ўз навбатида, натижа ҳам шунга яраша бўлди. Тайёрлаган кадрлар сифат ва самарадорлиги пастлигича қолмоқда. Президентимиз йиғилишидан сўнг, тегишли хулосалар чиқариб олишимиз керак, деб ўйлайман. Бу, энг аввало, биз ўқитган болалар билимида, уларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичларида, халқаро олимпиадаларда ўрин олишларида кўзга ташланиши керак.

Тасаввур қилинг, деҳқонга уруғ, техника, ер ажратилди. Кузда ундан тайёр маҳсулот талаб қилинади. Агар деҳқон уруғни сотиб, берилган ўғитларни, ёқилғини ўз мақсадлари йўлида талон-тарож қилса, у, албатта, жиноий жавобгарликка тортилади. Етказилган зарарни ҳам қоплайди. Шу ўринда савол туғилади: нега биз боламизни йиллаб ўқитувчи ихтиёрига бериб қўямизда, ундан ҳеч қандай натижа талаб қилмаймиз?

Президентимиз йиғилишда мактаб ўқитувчиларини малака ошириш масаласига ҳам тўхталди. Минг афсуски, бу соҳа ҳам бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Коррупция аломатлари ҳам кўзга ташланади. Агар биз муаллимга тўғри баҳо қўйганимизда эди, саводсиз муаллимлар сони камаярди. Жамиятда истеъдодли, ўз касбининг устаси бўлган ўқитувчининг ўрни ва нуфузи ортарди.

Мактаб ўқитувчиларини қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа амалга оширилади. Бу мамлакат бўйича муаллимларнинг билим даражаси тўлиқ тафтишдан ўтказилишини, уларга ҳар томонлама кўмак берилишини, салоҳияти оширилишини, замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмасини пайдо бўлишини англатади.

Лекин йиллар давомида билимли инсонлар, у қайси соҳада бўлишидан қатъий назар таъқиб қилинди. Уларга ҳеч қачон меҳнатига яраша ҳақ тўланмади, рағбатлантирилмади. Ҳалоллиги учун жазоланган одамларни ҳам кўрганмиз. Бунинг натижасида эса билимли муаллимлар ҳам атрофдагиларга мослашди. Менинг назаримда, ўқитувчиларни малакасини оширишда минтақадаги олий ўқув юртлари салоҳиятидан ҳам фойдаланиш зарур. Биринчи навбатда, малака оширишдаги домлаларнинг савиясини ҳам ўрганиш керак. Бу борада мазкур тизимда ишлайдиганларнинг илмий даражаси ва педагогик маҳорати талаб даражасидами, йўқми, билишнинг вақти келмадимикан?

Мактабдаги маънавий муҳит масаласи ҳам жуда муҳим эканлиги айтиб ўтилди. Мактабда маънавий муҳитнинг ёмон бўлиши ҳолати билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди. Аслида, маънавият, маърифат, маданият мактабдан бошланади-ку.

Мактаб директорларига қўйиладиган талаблар ҳам янада ортади. Мактаблар сиғими ҳам қайта кўриб чиқилади. Замонавий мактабни бугун интернетсиз, компьютер технологияларисиз мутлақо тасаввур қилиб бўлмайди. Бу борада ҳам мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Маърифатпарвар Абдурауф Фитрат ҳаёт йўлида биринчи масала мактаб масаласидир, деган эди. Менинг назаримда, бугун мамлакатимиз учун мактаб бош мақсад, биринчи масала ва нажот қалъасидир. Мактабни ўзгартирмасдан туриб, мамлакатни тараққий эттириб бўлмайди. Демак, миллат ва мамлакат тақдири мактабда ҳал бўлади.

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.


Суратда: Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов дўсти Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар билан.
Самарқанд 2021 йил, 21 сентябрь...

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Ҳаёт йўлида биринчи масала мактаб масаласидир...