Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарлари матбуот хизмати хабар қилди.
Мулоқот давомида президентлар бир-бирини Рамазон ойи бошлангани билан самимий табриклаган. Шунингдек, қатор долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Жапаров матбуот хизматининг ахборотида қўшни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга режалаштирилган жавоб ташрифи, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганига ишонч билдиргани маълум қилинган. Жапаров Мирзиёевнинг 26−27 май кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши ва Евроосиё иқтисодий форумида шахсан иштирок этишини кутаётганини айтган.
Шу билан бирга, мулоқот давомида Жапаров Ўзбекистон томони Қирғизистонда иккита мактаб қуриб бергани ва Ўшдаги театрни реконструкция қилиб бергани учун миннатдорчилик билдирган.