“Буюк ипак йўли маданияти, адабиёти ва архитектураси”...

“Буюк ипак йўли маданияти, адабиёти ва архитектураси”...
Янги китоб


Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов ва филология фанлари доктори Эркин Мусурмоновларнинг ушбу номдаги монографияси чоп этилди.

Китоб Буюк Ипак йўли маданияти ўтган ҳудудлардаги маданият, меъморчилик тарихини ўрганишга қаратилган тадқиқот натижаларини ўз ичига олади. Мазкур тадқиқотда илк марта улкан магистралнинг бошида турган Хитой маданияти, асотирлари ва фалсафасининг бинокорлик маданиятига кўрсатган таъсири ўрганилган. Монография Буюк Ипак йўлида жойлашган Хитой, Марказий Осиё, Россия, Кавказорти ва Европанинг савдо магистрали билан туташ ҳудудларидаги халқларнинг бадиий фалсафий дунёқараши ва унинг бинокорликка таъсири масалаларига бағишланган. Буюк Ипак йўлининг асосида турган Хитой давлатчилигининг қадимги мифологик, маданий-фалсафий қарашлари ва ўша қарашлар асосида шаклланган меъморчилик намуналари ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

“Буюк ипак йўли маданияти, адабиёти ва архитектураси”...

Хитой архитектураси ҳар доим ўзининг жозибаси ва бетакрорлиги билан инсониятни ўзига жалб қилиб келган. Қадимги Хитой маданиятида ҳар бир бино шакли маълум бир маданий ва фалсафий қарашлар асосида қурилган бўлиб, улар табиат билан уйғунликда яратилгани билан ажралиб туради. Китобда Хитой архитектураси, жумладан, деворлар, устунлар, ойналар жойлашуви, боғ архитектураси ҳақида гап кетар экан, инсоният тарихидаги энг буюк меъморий ёдгорликлардан бири бўлган Буюк Хитой девори ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Деворнинг яратилиш тарихи, қурилишнинг асосчи ва давомчи император сулолалари, ишлатилган қурилиш маҳсулотлари ҳамда техникалари, қурилишга жалб этилган одамлар сони ҳақида олиб борилган изланишлар натижаси тадқиқ этилган. Бундан ташқари Хитойнинг бошқа меъморчилик дурдоналари ҳақида ҳам маълумот берилган.

– Буюк Ипак йўли фақатгина ўз шаҳарларига, карвонсаройларига эга бўлган ривожланган мамлакатлар ҳудудидан ўтган, - дейди СамДУ ректори, профессор Рустам Холмуродов. - Ипак йўлида юрадиган савдо карвонларини биринчи пункт – Хитойда шакллантиришда ҳам, албатта у ердаги муайян шаҳар инфраструктурасининг хизмати ҳисобга олинган. Қадимги Хитой шаҳарларининг ўзига хос архитектураси, бинокорлик маданияти ва уларнинг тараққиётига таъсир кўрсатган маданий-маънавий омиллар улкан магистралнинг майдонга келишида ўз ижобий таъсирини кўрсатган. Жойлардаги бино ва иншоотларнинг қатъий йўлга қўйилган тинимсиз конвер шаклидаги сервис тизими Ипак йўлидаги карвонсаройларга бекаму кўст хизмат қилган. Самарқанд давлат университетида Буюк Ипак йўли Ўзбекистон-Хитой халқлари ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ўрганишга оид бошланган эзгу ишлар ҳозирда жадал суръатларда давом эттирилмоқда. 2019 йилда СамДУ да Хитой маданият маркази очилди, жорий йилда “Буюк Ипак йўли халқлари маданий-адабий мероси илмий-тадқиқот маркази” ўз ишини бошлади. “Буюк Ипак йўли халқларининг адабий ва маданий мероси” гранти асосида яратилган ушбу китоб мазкур илмий тадқиқот марказида вужудга келиб, Буюк Ипак йўли, жумладан, хитой-ўзбек халқлари маданий меросини ўрганишга бағишланган умумий истиқболли ишнинг таркибий қисми ва дебочаси ҳисобланади.

Китоб “Мифологик-фалсафий қарашлар Хитой меъморчилигининг асоси сифатида”, “Хитой архитектурасининг ўзига хос хусусиятлари”, “Хитой маданиятининг архитектурада тутган ўрни” каби боблардан иборат бўлиб, уларда Хитой мифологияси ва архитектураси ўзаро боғлиқликда ўрганилган. Қадимги Хитой фалсафий таълимотлари, мифологик қаҳрамонлари, меъморчилик намуналари, шунингдек, Хитой мифологияси ва фалсафасининг архитектурадаги акси масалалари ёритилган.

– Қадимий Хитой маданияти, фалсафаси ва архитектураси анъаналари бир неча минг йиллардан бери давом этиб келмоқда, - дейди филология фанлари доктори Эркин Мусурмонов. - Хитойнинг бугунги кунда эришаётган илмий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ютуқлари ўзининг тарихий маданиятини унутмаган халқ ҳар доим олға интилишига яна бир бор мисол бўла олади. Халқларимиз тарихини туташтириб турувчи кўҳна куч, қадимги иқтисодий алоқаларнинг пойдевори – Буюк Ипак йўли тарихини ўрганиш икки халқ учун ҳам аҳамиятли жараёндир.

Жаҳон ҳамжамиятида ҳар қандай давлатнинг диққатга сазовор жиҳати, аввало, унинг қадимги тарихий обида ва манбаларга қай даражада бойлиги билан белгиланади. Бинокорлик маданияти нафақат муайян халқнинг қурилишга оид тарихини, балки ўша элнинг дунёқараши, менталитети ва маданиятининг даражасини кўрсатиб беради. Шундай экан, ушбу қўлланма ўзбек ва хитой халқлари орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда бевосита бинокорлик ва бунёдкорлик санъатига бўлган эътиборнинг ўзига хос намунаси бўлиши шубҳасиздир.

Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » “Буюк ипак йўли маданияти, адабиёти ва архитектураси”...