Президент раислигидаги йиғилишда барча инфратузилмаси ва молиявий имкониятлари мавжуд бўла туриб, республика бўйича 12 та шаҳар ҳамда Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва Самарқанднинг 2 тадан туманидаги аксарият ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти “қониқарсиз” деб топилгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан:
- Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Гулистон, Фарғона, Марғилон, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод шаҳарлари;
- Учтепа, Мирзо Улуғбек, Тошкент, Қибрай, Бўстонлиқ ва Ургут туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарларини ҳам ишдан олишга кўрсатма берилди.
Тажрибали мутахассисларни жалб қилиб, ушбу шаҳар ва туманлар ҳоким ёрдамчиларини тўхтовсиз ўқитиш, йўналишлар бериб бориш, яхши-яхши тажрибаларни ўргатиб бориш кераклиги таъкидланди.
Ўтган 3 ой ичида ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви аниқлаб олингани, энди ушбу маҳаллаларни ихтисослашуви бўйича қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилиши қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шу йиғилишда Шавкат Мирзиёев 2 нафар ҳоким ва 14та ҳоким ўринбосарларини ишдан олиш бўйича топшириқ берган эди.