Инновацион ривожланиш вазирлигининг Самарқанд давлат университетида жойлашган Самарқанд вилояти Ёшлар технопаркининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмурдов, университет талабалари, вилоятдаги фаол ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
- Бундан беш-олти йил илгари технопарк деганда ўзимиз ҳам тушунтириб беролмас эдик. Бугун илм-фан, тараққиёт шиддат билан ривожланмоқда, ёшлар ўзгармоқда, - дейди Ўзбекистон Республикаси Инновасион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. - Қутлуғ Рамазон ойида ёшларимизни қўллаб-қувватловчи технопаркимизнинг очилиши барчамизни қувонтиради. Мазкур технопарк Самарқандда янги дастурчилар мактаби пайдо бўлишига хизмат қилади. Унинг Самарқанд давлат университетида очилишидан асосий мақсадимиз ҳам шу: илм-фанни рақамлаштириш, ёшларимизни салоҳиятли, замонавий билимларга эга қилиб тарбиялашдир. Қолаверса, жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган инноваторларни тайёрлаш учун ҳам бу каби технопаркларнинг фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ўйлайманки, бу жой ёшларнинг энг севимли жойи бўлади.
- Ёшлар сиёсати давлатнинг энг устувор йўналишларидан биридир, - дейди Самарқанд вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Эркинжон Турдимов. - Вилоятимизда ягона Ёшлар технопаркининг ишга тушиши келажагимиз бунёдкорлари учун кўплаб имкониятлар эшигини очади. Эндиликда бу каби технопаркларнинг сони ва сифатини кўпайтиришни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. Тарихдан маълумки, Самарқанд Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг маркази бўлган. Ўйлайманки, Учинчи Ренессанснинг маркази ҳам Самарқанд бўлади. Технопаркнинг Самарқанд давлат университетида жойлашгани ҳам бунинг исботидир.
Рустам Холмуродов Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлиси Сенати аъзоси:
- Ёшлар технопарки нафақат талабалар, балки Самарқанд вилоятидаги барча ёшларнинг фикрлари, ғояларини қўллаб-қувватловчи марказ бўлади. Биз ҳозирдан технопаркнинг кейинги ривожланиш босқичлари учун ҳаракатларни бошлаб юбордик. Исроил, Жанубий Корея, Япония, АҚШ даги ҳамкор олий таълим муассасаларидан дастурчиларни таклиф этдик. Бу билан биз ҳар бир ғояни саноатлаштириш даражасигача олиб боришни мақсад қилганмиз.
Маълумот учун, Ёшлар технопаркида компютер саводхонлиги, IT, мобил дастурлаш, график, веб дизайн, видео монтаж, моушн графика, Лего Миндсторм, робототехника каби замонавий соҳаларда мутахассислар тайёрланади.
- Болаликдан дастурлаш соҳасига қизиқаман. Бугунга қадар бир қатор лойиҳаларга муаллифлик қилганман, - дейди Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети талабаси Маҳбуба Салимова. – Ҳозиргача фаолиятимни университетимиздаги Инкубация марказида олиб борар эдим. Эндиликда Ёшлар технопарки мен учун яна бир муҳим жойга айланади. Бу ерда мен янада кўпроқ қулайликларга, имкониятларга эга бўламан.
Беҳруз Шамсиддинов,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.