– 2007 йили четга чиқиб кетган фуқароларимиз, агар чин дилдан пушаймон бўлиб, кечирим хати ёзса, Ўзбекистонга қайтиши мумкин, деган хабар тарқалди, – дея ҳикоясини бошлади К.Йўлдошева. – Қайноғам барча ҳужжатларни расмийлаштириб, турмуш ўртоғимни олиб келаман деб Красоноярск томон йўл олди. Афсуски, қидирувда бўлгани сабабли турмуш ўртоғим Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан озодликдан маҳрум қилиниб, уч йил турмада бўлди. 2010 йили у озодликка чиққач, қайнонам ва қайни оғамнинг ташаббуси билан мен ва тўртта фарзандим Красноярск шаҳрига келдик. Икки йилдан сўнг, қайнонам, қисқа вақтдан кейин эса қайни акам оламдан ўтди. Бу ерда тарқалган турли миш-мишлар туфайли Ўзбекистонга қайтишдан қўрқиб, Россияда тўққиз йил қолиб кетдик. Бу муддат мобайнида яна бир фарзанд кўрдик, катта қизим йигирмадан ошди.
Оилавий можаролар ва келишмовчиликлар туфайли турмуш ўртоғим “ўз кунингни ўзинг кўр”, деб бизни ташлаб, уйдан чиқиб кетди. Ўтган йиллар мобайнида фарзандларим деярли ҳар куни Ўзбекистонимизга қайтайлик, деб менга илтимос қиларди. Қўрқув сабабли Россияда қолавердик, ичимда эса Ватанимга жуда катта соғинч ҳисси ҳукм сурар эди. Телевизорда Ўзбекистон ҳақида куй-қўшиқларни эшитганимизда оилавий кўз ёш тўкдик. Яна Ватанга қайтиш насиб қилармикин, ўлигимиз совуқ ўлкаларда хор бўлмасмикин, деб зор-зор йиғлар эдик”.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 сентябрдаги “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5542-сон Фармони унинг ҳаётида катта бурилиш ясаган воқеа бўлди.
“Биз Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган ҳужжат билан катта қизиқиш ва ҳаяжон ила танишиб чиқдик. Бугунги кунда республикамизда катта ўзгаришлар, шу жумладан, диний соҳада ҳам улкан жараёнлар кечаётганига гувоҳ бўлдик. Илк маротаба Қуръон мусобақасининг ўтказилишининг ўзи нақадар катта воқеа бўлди. Юртбошимизнинг қарорлари ва сўзлари юрагимга куч ва далда бериб, қўрқмасдан фарзандларим билан Ватанимизга қайтишга аҳд қилдик.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлимига мурожаат қилдим. Аниқланишича, мен ва фарзандларим Ўзбекистон ҳудудида хеч қандай қидирувда эмас эканмиз. Яъни, шунча пайт бегона юртда адашиб, қийналиб юрган эканмиз.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлими ходимларига ҳам алоҳида миннатдорчик изҳор этишни истар эдим. Улар менга Ўзбекистонга қайтиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳеч қандай ортиқча оворагарчиликларсиз менга астойидил ёрдам беришди.
Узоқ йил хорижда яшаб шуни ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистондек ўлка йўқ бу дунёда. Оддийгина мисол: Элчихонамиз Консуллик бўлимида одамлар навбатда турганига қарамай, фарзандларим билан келганимни кўриб, ходимлар ҳам, навбатда турганлар ҳам мени навбатсиз ўтказиб юборишди. Шунча йил Россияда яшаб, бирон марта бизга фарзандинг бор, сен олдинга ўт дейишмади. Аксинча, бизни доим камситиб, четга суришар эди. Чет давлатда овораи сарсон бўлиб, Ватанимизнинг қадрига етдик...
Тўққиз йил деганда юртимизга қайтмоқдаман. Бу вақт ичида қайни онам оламдан ўтди, менинг дийдоримни кўра олмай онагинам ўлим тўшагида ётибди. Бизнинг ҳолатимизни тушуниб, Ватанга қайтишга имконият берган Юртбошимизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман”.
Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолиб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган юртдошларимизни Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтишга чорлаймиз. Ўз қилмишингизни англаб етиб, чин дилдан пушаймон бўлсангиз, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси Консуллик бўлимига мурожаат қилинг.
ЎзА