Республикада оила ва хотин-қизларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг муаммоларига тизимли ечим топиш, бу борада ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилгани ҳам фикримизга ёрқин далил бўла олади.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
O’zLiDeP ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг муносиб меҳнати ва турмуши, қобилият ва салоҳиятини намойиш этиши учун шарт-шароит яратиш, оналик ва болаликни, оила институтини муҳофаза қилиш, жамиятда хотин-қизларнинг роли ва мақомини оширишни ўзининг энг муҳим вазифаларидан бири деб билади.
Бу борада партия Президентимиз раислигида жорий йилнинг 1 март куни хотин-қизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб, ўз олдига аёллар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб олди.
Куни кеча O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Мавлудахон Ходжаева бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилоятининг Паркент туманида хонадонма-хонадон юриб, маҳаллаларни яёв кезиб, бу ерда истиқомат қилувчи хотин-қизлар ўртасида бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиш, аёлларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш ишлари, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли ўрганишди.
Бунда асосий эътиборни хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш, турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни «Аёллар дафтари» орқали манзилли қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратишди.
Ҳар бир мурожаатчининг муаммолари катта эътибор билан тингланиб, уларни бартараф этиш, ижобий ечим топиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар жойида ишлаб чиқилди.
Ўз тадбиркорлик фаолиятини самарали йўлга қўйиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хисса қўшаётган 10 дан ортиқ ибратли тадбиркор аёллар фаолияти билан яқиндан танишишди.
Хусусан, "Марказий" маҳалласида жойлашган “YASIN INVEST COLLECTION” МЧЖнинг текстиль корхонасида бўлишди. Бу ерда фаолият юритувчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга яратиб берилган меҳнат шароитларини ўрганишаркан, уларни қийнаб келаётган муаммолар билан қизиқишди.
Шу куни “Эдельвейс” меҳмонхонасида ишсиз аёллар учун "Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш" мавзусида амалий-семинар ҳам ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари Тошкент вилоят ва Паркент туман Кенгаши депутатлари, шунингдек, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизлар, мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этишди.
Семинарда “Аёллар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизларга бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратилиш тартиблари, ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишларида зарур бўладиган ҳуқуқий билим, фойдали маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Амалий-семинар иши мобайнида хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олишди.
Зухро Мирзоҳамдамова,
O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши
бўлим мудири
O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши
бўлим мудири