Инсон қадри учун...
Бутун мусулмон оламида Муборак Рамазон ойи раҳмати, барокоти, маҳфирати, шукуҳи кезиб юрган шу кунларда яна инсон қадри ҳақида ўйладим.
Ўзи аслида инсон қадри нима? Нима учун бу сўз кейинги йилларда кўп айтилмоқда? Тобора ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Халқимизда қадр тушунчаси билан боғлиқ мақоллар, ҳикматлар бор. “Қадримга етмади”, “Қадрим шуми?”, “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман”, ”Озгина қадр-қимматим борми?”, ”Бир қадрим ўтсин”...Бу доно фикрларни яна келтирса бўлади. Демак инсон қадри ҳамма моддий бойликлардан устун бўлиши зарур. Инсон қадрини мезони йўқ. Инсон чексиз қадрлашга лойиқ. Шу ўринда савол туғилади. Инсонни ким қадрлаши керак? Албатта давлат ва жамият. Давлат ва жамиятни ким бошқаради? Президент...
Мен ҳаётни паст баландини, яхши ёмонини, ширин аччиғини кўрган одамман. Керак бўлса ҳар учала даврни таққослай оламан. Собиқ иттифоқ даври, мустақиллигимизнинг дастлабки йигирма беш йили ва 2016 йилдан бошланган янги давр. Кимдир эътироз билдириши табиий. Лекин мен мана шундай даврлаштириш тарафдориман.
2016 йилдан бошланган янги давр халқимизга нима берди? Аввало, инсон қадри тикланди. Инсон ҳуқуқлари таъминланди. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги борасидаги барча тўсиқлар олиб ташланди. Муқаддас Ислом динимизга нисбат салбий қарашларга барҳам берилди. Диний эътиқод учун таъқиблар тугатилди. Тарихда илк бор ноҳақдан айбланганлар оқланди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўтказилди. Қийноққа солиш, жазо муддатини сунъий узайтиришга бутунлай чек қўйилди. Борса келмас ҳудудлардаги жазо лагерлари ёпилди. Мамлакат қамоқхоналарида йигирма, йигирма беш, ўттиз йил давомида ётган маҳбуслар озодликка чиқарилди.
Энг муҳими сиёсий таъқиблар, камситишлар, хўрлашлар, жамиятдан яккалаш каби сурункали азоблар барҳам топди. Халқимизга меҳр-оқибат, инсонийлик, аҳиллик, асосийси қадр туйғуси қайтди. Қаранг халқимиз қандай шафқатсиз, одамгарчиликдан йироқ замонларда ҳам яшади. Ўша замон қанчадан қанча халқимизнинг асл фарзандларини маънан мажруҳ қилди. Йўқотишлар кўламини бугун қоплаб бўлмаслигини барчамиз яхши биламиз. Хатоларни тарихда қолганлиги рост бўлсин. Яратганга шукр. Бугун бутунлай бошқа замонда яшяпмиз. Инсон қадри учун бутун миллат, мамлакат оёққа турган даврда яшяпмиз.
Эркинликни, озод инсон туйғусини қалбимизга жойлаган, халқимизни қадрини ердан осмон баравар кўтарган, бир сўз билан айтганда халқини чин юрагидан севган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллат олдидаги тарихий хизматларини санаб адоғига етиб бўлмайди...
Инсоннинг қадрсизланиши нималарда кўринади? Аввало, инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши шарт бўлган давлатнинг ўзи инсон ҳуқуқларини бузишида кўзга ташланади. Биз зулмга кўниккан, азоб-уқубатга бардош берадиган, сабр-тоқатли халқмиз.
Бугун Президент халқимизни рози қилишимиз керак. Халқ биздан розими? Халқни олдига боринглар, халқни эшитинглар. Халққа шароит яратиб беринглар. Иш ўрни очинглар. Кредит ажратинглар. Яшаш шароитини, саломатлигини билинглар, ўрганинглар, деб барча даражадаги раҳбарлардан талаб қилмоқда. Қачон бундай бўлган? Қачон вазир, вилоят ҳокими, депутат халқнинг олдига борган? Дардини эшитган, муаммосини ҳал этиб берган...
Қадрланаётган халқ, ўз навбатида ўзини қадрлаётган Ватанини, Президентини қадрлашни ҳам билиши зарур. Мантиқан олиб қарасангиз ҳам акс-садо бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Халқимиз билиб айтган ҳар бир кунни, яхши, эзгу муносабатни, эътиборни, эҳтиромни, эъзозни ҳам жавоби бўлиши лозим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизнинг бахти. Халқимизга Яратганнинг юборган халоскори. Халқимиз қандай оғир кунларни бошидан ўтказди. Мана чироқ ҳам бўлар экан, йўллар ҳам қуриларкан, уйсизлар уйли, фуқаролиги йўқлар фуқаролик оларкан, ўқийман деганга ўқиш, ишсизларга иш ўрни яратиларкан, мажбурий меҳнат йўқ бўларкан...Бунинг учун фақат халқни севиш керак экан. Халққа хизмат қилиш, халқнинг оғирини енгил қилишни чин дилдан исташ керак экан...
Мен Ватаним, Президентим билан фахрланаман. Президентимни халқимизга кўрсатаётган меҳри ва муҳаббати олдида бош эгиб таъзим қиламан. Мамлакат раҳбарининг меҳр ва муҳаббатидан баҳраманд бўлаётган бир инсон сифатида бутун кучимни, билим ва тажрибамни халқимиз фаровонлиги, давлатимиз тараққиёти, юртимиз юксалиши йўлида сарфлайман.
Халқимизга мурожаат қилмоқчиман. Минг афсуски бугун биз таҳликаларга, зиддиятларга тўла дунёда яшяпмиз. Буни бир лаҳза бўлса ҳам унутмаслигимиз керак. Тинчликни, ўзаро тотувликни, ҳамжиҳатликни қадрига етайлик. Бир ҳақиқатни чуқур англашимиз зарур. Халқимизни жаҳондаги ёвуз кучлардан фақат ва фақат бирдамлик ҳимоя қила олади. Агар биз аҳил бўлсак, юртпарвар, инсонпарвар Президентимиз атрофида жипслашлик, бирлашсак бизни ҳеч қандай куч енга олмайди.
Президентимиз бир гуруҳ зиёлилар, меҳнат фахрийлари, нуронийларни Умра зиёратига юборди. Уларнинг сафида мени ҳам борлигим юрагимда шукроналик ҳиссини оловлантирмоқда. Муқаддас Рамазон ойида шундай улуғ зиёратни бизга насиб қилган Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин.
Бу аввало, инсон қадри, меҳнат қадри, бутун умримизни бағишлаган Ўзбекистонимизнинг қадри. Тўғриси зиёрат амалларини адо этяпману кўзёшларимни тўхтатолмяпман. Ҳақсизликлар, 12 йил давомида чеккан изтиробларим, машаққатларим барчаси тумандай тарқаб кетди. Ўрнини меҳр, садоқат, эзгуликлар эгаллади. Қалбимизда тозариш юз берди. Халқингга, Президентингга кераклигингни, азизлигингни билиш, ҳис қилиш қанчалик улкан бахт. Қадрланиш улуғ саодат. Барчасига етказгани учун, Президентимизни кўнглига шундай эзгуликларни солгани учун Яратган Эгамга
шукроналар бўлсин.
Саудия Арабистонидамиз. Умра зиёратини бажаряпмиз. Яратгандан Ватанимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, Президентимизга узоқ умр сўрадик...
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори, профессор,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Самарқанд давлат университети ректори, профессор,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.