2022-2026 йилларга мўлжалланган “Тараққиёт стратегияси”нинг 4-йўналиши 71-мақсадида эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш масаласи кўндаланг қўйилгани ҳам бежиз эмас.
Чунки бу орқали “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси амалга оширилади. Шунга кўра, ҳозирда аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимизнинг бой тарихи, илмий-маданий мероси, миллий-диний қадриятларни ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, эндиликда маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторлари ишлаб чиқилиб, “маҳалла – туман – вилоят – республика” принципи асосида ҳудудлар кесимида ижтимоий-маънавий муҳитни оптималлаштириш харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
Стратегиядаги 72-мақсад аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш вазифаси қўйилган. Бинобарин, юртимизда айнан китобхонликни кучайтириш мақсадида амалий ҳаракат аллақачон бошланиб улгурган. Биргина китобхонлик тадбирларининг ташкил этилиши, унинг ғолибларига Президент совғаси сифатида машина берилиши – булар бежиз эмас. У ҳам бўлса, китобхон авлодни яратиш, уларни закий қилиб ўстиришдир.
Яна бир мисол, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида ушбу ақл чархи ўйинларида иштирок этиб, сўнгги босқичда ғолибликни қўлга киритган ёшлар олий таълим ва бошқа муассасаларга контракт асосида ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилиниши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Бу ҳам ёшларимизни ушбу ўйинларда қатнашиш учун ўз устида ишлаб, кўпроқ китоб мутолааси билан шуғулланишларига бир туртки бўлади.
Айниқса, буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқдаки, бу стратегиянинг 73-мақсадида ҳам кўрсатилган. Унга кўра, бизда ҳам ИҲТ, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ЮНЕСКО каби дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” шиори остида халқаро конференция, симпозиум ва анжуманлар ташкил этилади. Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг 100 та асарининг халқчил таржимасини амалга оширилиб, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратилади.
Хулоса қилиб айтганда, буларнинг барчаси ёшларни юксак маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишга хизмат қилади. Зеро, баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчиларидир.
Сардор ҒИЁСОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O'zLiDeP фракцияси аъзоси