Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик. Абдулазиз Комилов хорижда даволанди.
Бугун, 27 апрел куни Ўзбекистон раҳбари ташқи ишлар вазири вазифасини Владимир Имомович Норовга топширишга қарор қилди. Шу билан бирга, Норов вазир ўринбосари лавозимини эгаллайди.
Фармонда шундай дейилган:
- Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келган Комилов Абдулазиз Хафизович Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди;
- Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Усмонов Бобур Масудович Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари этиб тайинланди.
Маълумот учун, Владимир Норов 1955 йил 31 августда туғилган. Норов Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари (2003–2005, 2010–2013) ва ТИВ раҳбари (2006–2010) бўлган. У Европанинг бир қанча давлатларида элчи бўлиб ҳам ишлаган. 2018-йилнинг 10-июн куни Владимир Норовнинг номзоди ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг Циндао шаҳрида (ХХР) бўлиб ўтган саммитида кўриб чиқилди ва маъқулланди.