Олий Мажлис Сенати Кенгашининг кеча, 27-апрел куни бўлиб ўтган мажлисида меҳнат бозоридаги вазият юзасидан маълумот берилди.
2022-йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонда 72,8 минг нафар ишсиз фуқаро ва ўз ватанига қайтган мигрант ишга жойлашди. Шулардан 9,5 минг нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар бўлган.
13 мингдан ортиқ фуқаро якка тартибдаги тадбиркор мақомини олди. Уларга жами 31,6 миллиард сўм миқдорида субсидиялар ажратилди. Маҳаллаларда истиқомат қилаётган 30 мингдан ортиқ фуқаро касбий ва тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлди.
Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этилган янги иш ўринларининг манзилли рўйхатлари тўлиқ шакллантирилмаган. Бундан ташқари, ушбу ҳудудларда ишчиларнинг ярмидан кўпи расмий рўйхатга олинмаган.
Олий Мажлис Сенати Кенгаши мазкур камчиликларни бартараф этиш, янги иш ўринлари яратиш борасидаги ишларни янада кучайтиришни мақсад қилган.