Ўзи ёқтирган қизни унга эрга беришмаётгани учун танишига таҳдид қилган ва 15 суткага қамалган хонанда Жасур Умиров журналист Жасур Ҳамроевга интервью берди. Хонанда интервью давомида қамоқдаги 15 кунлик ҳаёти қандай кечгани, оғир дамда ўзида қандай таскин бергани ва келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб берди.
«Биринчи куни қамоқхонада кўзимни очиб жинни бўлиб қолаёздим. ‘Мен қаердаман? Шундай санъаткорни синдирмоқчи бўлишди’, деб ўйлаб четдан ўзимга назар солдим.
‘Жасур сен кучлисан, ҳозир мана шу ерда синсанг, кейин ўзингни ўнглай олмайсан’, дея ўзимга далда бердим.
Ота-онамга қийинчилик туғдирдим, деб ўйладим. Олдин кимнидир сўкса қамаб қўйишларини билмасдим. Бундай ҳаракатлар учун ҳам қамалиш мумкинлигини тушуниб етдим. Мен ҳаракатларимни севги учун кураш деб изоҳлайман. Қилган ишимга ачиндим.
Қамоқда ўтириб, халқни, мухлисларимни, сўнг ўзимни ўйладим.
Обрўйимни кўпроқ ижод билан, меҳнат билан тикламоқчиман. Бу нарса одамларни эсидан чиқиб кетади. Бундан баттар нарсалар ҳам унутилган», — дейди хонанда.
Устингиздан шикоят қилган йигитнинг ўрнида сиз бўлганингизда қандай йўл тутган бўлардингиз?» деган саволга хонанда қуйидагича жавоб берди:
«Мен кечирувчанман. Уни кечирардим. Биз у билан қўшнимиз. Кўз-кўзга тушади. Қўшничилик ҳурмати учун ҳам кечирардим. Қамоқда ўтирган пайтим, чиқсам ундан ўч олиш фикри ҳам келди. Лекин ўйлай-ўйлай бу вазиятда энг тўғри йўл кечириш эканлигини англаб етдим. У инсонлар қасдлашишга арзимайди».
«Оғир дамларда ҳеч ёнимда ҳеч қайси дўстларимни кўрмадим. Қамалганимда уларнинг ҳаммаси йўқолиб қолишди. Санаъаткорлар орасида дўстларим йўқ. Улар билан фақат салом-алик қиламиз», — дейди хонанда бошига иш тушганида дўстлари далда бергани ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавобан.
«Бундан кейин умуман ижодни тўхтатмайман. Ҳозирда янги тароналаримга клип олиш билан бандман. Мухлисларимга кетма-кет янги ижод намуналарини тақдим эта бошлайман», — дейди Жасур Умиров келгусидаги режалари ҳақида гапирар экан.