Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.
Озодбек Назарбеков 2017 йилда концерт бермаслигини эълон қилганида, мухлислар орасида «Озодбек Назарбеков концерт фаолиятини якунлашига Юлдуз Усмонованинг саҳнага қайтиши сабаб бўлди», мазмунидаги гап-сўзлар тарқалди.
Суҳбат давомида Озодбек Назарбеков ушбу саволга батафсил жавоб берди.
Санъатсевар халқимиз учун Юлдуз Усмонованинг саҳнага қайтиши жуда катта бўшлиқни тўлдирганини эътироф этишим мумкин. Лекин концертни тўхтатишимга Юлдуз Усмонованинг алоқаси йўқ. Ўзи умуман бу ҳодисани Юлдуз Усмонованинг саҳнага қайтиши билан боғлаш жуда ҳам ноўрин бўлса керак. 2017 йилда Халқлар дўстлиги санъат саройида бўлиб ўтиши керак бўлган концерт кунларимни ўз ихтиёрим билан Юлдуз Усмоновага тақдим этганман.
Ушбу йил ҳали Маданият вазирлигида лавозимга тайинланишим ёки ‘Ёшлар’ телерадиоканалига директор бўлишим ҳақида ҳам гап-сўз йўқ эди. Асосан баҳор ойида концерт кунларини банд қилар эдик. Ўша йилда шунчаки саҳнанинг муносиб эгаси қайтганлиги, мен ҳам концерт фаолиятимни шу йилда тўхтатсам, мухлислар учун жуда катта бир ўзгариш бўлмаслиги, ўша бўшлиқни Юлдуз Усмонова бемалол, ортиғи билан тўлдириши мумкинлигини ўйлаган ҳолда, ўзим қарор қилганман. 2017 йилда дам олиш мақсади бўлган, бу дегани ‘концерт фаолиятимни бутунлай тўхтатаман, бундан кейин умуман концерт бермайман’, деган мақсад бўлмаган.
Концерт дастурини ташкил қилиб юрганлар мени жуда яхши тушунишади, бу жараён жуда катта, машаққатли меҳнатни талаб қилади. Бунинг масъулияти жуда ҳам оғир. Тўғриси мана шу катта машаққатли меҳнатдан бир йил бўлса ҳам дам олиш маъносида шу қарорни қабул қилган эдим. Бу орада кейин концерт бермадим, кейинроқ масъулиятли ишлар билан имкон ҳам бўлмади, - деди Озодбек Назарбеков.