Хонанда Муниса Ризаева ва озарбайжонлик қўшиқчи Uzэйир Меҳдизода шу йилнинг 8 март санасида Москвада ҳамкорликдаги концерт бериши керак эди. Лекин кейинчалик концерт бекор қилинган. Ушбу ҳолатдан сўнг тармоқ фойдаланувчилари хонандани кескин танқид қилди.
"Дарё" нашри вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида хонанданинг вакили билан суҳбатлашди. Вакилнинг маълум қилишича зарур техник воситалардан бири топилмаганлиги учун концерт бекор қилинган. У шу йилнинг апрел ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда экан.
Вакилнинг қўшимча қилишича, улар ҳеч нарсага аралашмаган, бу ҳамкорликдаги концерт ва унда Муниса 1 соату 15 дақиқа куйлаши керак бўлган. Шунинг учун барча айбни хонандага юклаш ноўрин. Шунингдек, Муниса ушбу концертдан ҳеч қандай гонорар олмаган. Москвадаги концерт ташкилотчилари Ўзбекистон Маданият вазирлиги вакиллари билан учрашиб, қонуний шартномалар имзоланган, хизмат ҳақи эса концерт бошланишидан бир неча соат аввал тақдим этилишига келишиб олинган бўлган.
Хонанда вакилининг таъкидлашича, ҳозирда чипта олганларга пуллари қайтарилмоқда. Пулни олмаганларга эса апрелдаги концертга чипта берилиши айтилмоқда.