«Ўзбекконцерт» раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров ОАВга берган интервьюсида муассасининг асосий иши нимадан иборат эканлиги, санаъткорлар томонидан қилинган хайрия ва тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзулар юзасидан сўз юритди.
Унинг айтишича, бугунги кунда санъаткорлар томонидан “Меҳр-шафқат ва саховат” фондига 1,7 миллиард сўм ўтказиб берилган. Бу ишлар яна давом этиши таъкидланди.
Абдуқаҳҳоров муассаса фақат санъаткорларнинг лицензиясини олиш ва уларни жазолаш билан эмас, балки концерт фаолиятини мувофиқлаштириш, санъаткорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланишини айтди.
Муассаса раҳбари шунингдек, тармоқларда муҳокама бўлаётган мавзу хусусида гапирди.
“Ўзбекистонда ‘отарчи’ деган тушунча йўқ. Минг афсуски айрим зиёлиларимиз, ёки таниқли инсонларимиз, фан арбоблари томонидан эфирлар, ёки бошқа жойларда, ижтимоий тармоқларда санъаткорларга нисбатан ‘отарчи’ деб муносабат билдирилиши айрим тирноқ ичидан кир қидирадиган фуқароларимизга қўл келиб, санъаткорларимизнинг устидан 3-4 кундан бери хоҳлаганча ҳақорат сўзларни ишлатишга сабаб бўлмоқда. Бу санъаткорларимиз орасида айрим норозиликларга сабаб бўлди”, – дейди Абдуқаҳҳоров.