Хонанда Муниса Ризаева MyDay stories лойиҳасига берган интервьюсида Гулнора Каримова сабаб ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда "Дарё" маълум қилди.
Унинг айтишича, Каримова ўшанда уни "запрет"га туширган. Бу эса унга қаттиқ ботган ва ушбу ҳолат унинг саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Муниса у ҳақида атрофидаги дўстлари Каримовага ёлғон маълумотлар етказгани, ўша гап ташувчилар ким эканини билишини, улар билан ҳозир ҳам яхши муносабатда эканини, лекин Муниса ҳаммасидан хабардор эканини улар билмаслигини айтди.
"Гулнора Каримовага мен ҳақимда турли асоссиз гап-сўзлар етказишган. Мени унинг номини сотишда айблашган. Масалан, мени йўлда ЙПХ ходимлари тўхтатганида, мен уларга ‘Гули Каримованинг дугонасиман’, деб айтганмишман, гўё" - деди хонанда.
Ризаева одамлар нима сабабдан бундай уйдурмалар тўқиганини кейинроқ тушинганини айтди.
"Бу гаплар M&TVA тақдирлаш маросимидан бир кун аввал бўлган. Ўшанда менга «Йил қўшиғи» ва «Йил хонандаси» номинацияларида мукофотни беришмоқчи бўлишган. Шунинг учун ушбу ‘интрига’ атайин уюштирилган. Гулнора Каримова мен ҳақимдаги гапларга ишонган ва ‘бўлди, унга ҳеч қандай мукофот бермайсизлар. Ҳамма ёқдан ҳайдайсизлар’ деб кўрсатма берган" - дея қўшимча қилда Ризаева.
Ўша воқеалардан сўнг Муниса 5 йиллик шартномаси бўлса ҳам Terra компаниясидан ҳайдалган. Шундан сўнг Каримова Мунисани "Голос" лойиҳасидаги иштирокидан ҳам мосуво қилган.
"Terra’нинг директори менга қўнғироқ қилиб, Гули сенинг ‘Голос’да қатнашишингни истамаяпти, тез Тошкентга қайтсанг қайт, бўлмаса, ‘запрет’га тушасан, деди. Мен ‘Голос’нинг ҳамма саралаш босқичларидан ўтган эдим. Шунга қарамай, лойиҳадаги иштирокимдан воз кечиб, Тошкентга қайтиб келдим, лекин барибир ‘запрет’га тушдим. Етти ой мендан ҳамма юз ўгирди. Ҳамма ўзидан қўрқиб мен билан гаплашишга қўрқарди. Ўзимни худди ўлгандек ҳис этардим. Ҳатто, юрак хуружи билан касалхонага ҳам тушиб қолганман, ота-онам мени йўқотишига бир баҳя қолган. Ўзимни осиб ўлдиришга ҳам уринганман", — дейди Муниса Ризаева.