Аввалроқ сайтимизда Хонанда Рашид Ҳолиқов бобо бўлгани ва келинига "Малибу-2", турмуш ўртоғига эса "BMW X7" совға қилгани ҳақида ёзган эдик. Ушбу совғани бериш жараёнида олинган видеолавҳа кейинчалик тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хонанда ОАВга берган интервьюсида ана шу ҳолат ҳақида гапирди. Холиқов ўша “Малибу-2”ни кредитга олганини таъкидлаб, давлат томонидан берилаётган шундай имкониятларга раҳмат айтди. Хонанда биринчи невараси бўлгани, ҳатто ўғли ва боласи чет элда ўқиган бўлса ҳам ватанига қайтиб келганини таъкидлаб “Қандай қилиб бу болаларга совға қилмайсиз?” дея савол билан мурожаат қилди.
“Мен қаердандир олиб келиб “Bentley” ёки “Rolls-Royce” совға қилганим йўқ. Ўзимизнинг миллий машина, “Malibu” совға қилдим”, – дейди хонанда.
Шунингдек, Холиқов яқинда тармоқларда онасига “Малибу” совға қилган одамнинг видеосини кўрганини, унинг остида илиқ фикрлар билдирилганини айтди.
“Келинга совға қилинса нега унақа илиқ “коммент”лар билдирлмайди? Келин нима бир кун она бўлмайдими? Келиним ҳам она. Менинг неварамнинг онаси. У менинг қизим. Ким нима дейди, ким нима қилади. Мен доим фарзандларим учун қиламан. Мен уларни яхши кўраман”, – дейди Рашид Холиқов.