Хонанда Каниза жанжалли вазият марказида қолиб кетди. Ҳодиса видеоси Ёшлар телеканалида намойиш этилди.
2 сентябрда хонанда Каптивани бошқариб кетаётиб, ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган. Хонандада тонировкага рухсат берувчи ҳужжат муддати ўтиб кетгани аниқланган.
“Ҳужжатларни текширган вақтимда автомашинага тонировка учун берилган рухсатнома муддати 29 августда тугагани аниқланди. Буларга машина вақтинча жарима майдончасига қўйилиши керак десам, қаршилик кўрсатяпти”, – дейди инспектор.
Хонанда ўз навбатида инспектор у билан қўпол гаплашганини айтди. Шунингдек, у байрам сабаб кўплаб ташкилотлар ёпиқ бўлганини, шу сабабга кўра рухсатнома муддати ўтиб кетганини маълум қилди.
“Рухсатнома 29 августгача амал қилади. Байрам сабаб ҳамма 3 кун дам олди. Биз хатто коронавирусга тест топшира олмадик. Рухсатнома муддати бир кунга ўтиб кетгани учун бу одам қонимизни ичмоқда ва етмаганидек, қўпол муомала қиляпти. Қизиқ, қолган оддий халқ нима қилар экан-а? Оддий одамларнинг қонини ичяпсиз”, – дейди хонанда.
Инспектор хонандага барча ҳодиса боди-камерага ёзилаётганини айтди ва ҳушмуомала гаплашганига шубҳа йўқлигини маълум қилди. Ушбу баҳсли вазият автомобилнинг жарима майдончасига қўйилиши билан якунланди.